Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Камера ортида бўлишни танладим» – Абдуллажон роли билан танилган Шуҳрат Қаюмов билан суҳбат
Ўзбек кинематографияси хазинасида ҳақиқатан ҳам сифатли фильмлар талайгина, аммо уларнинг аксарияти ўнлаб йиллар олдин суратга олинган. Ана шундай фильмлардан бири «Абдуллажон» – шубҳасиз, ўзбек киносидаги фантастик комедия жанрининг энг ёрқин намунасидир.
Фильмда бош қаҳрамон Абдуллажон ролини ўйнаган Шуҳрат Қаюмов куни кеча Kun.uz меҳмони бўлди. Мазмунли кечган суҳбатимиз продюсернинг кино санъатидаги фаолияти ва соҳадаги бир қатор мавзуларни қамраб олди.
Қаюмовнинг айтишича, у «Абдуллажон» фильмидан кейин бошқа картиналарда бош ролларни ўйнамаган. Бунга сабаб – мен учун кинода роль ўйнашдан кўра, кино суратга олиш анча қизиқроқ, дейди у.
«Фильм 1991 йилда чиққан. У пайтларда мен мактабда ўқирдим. 1995 йилда Ирригация институтига кирдим, 1998 йилда хорижга кетдим. Ўша пайтлардаёқ хорижда турли хил фильмларда суратга тушганман, албатта бош ролда эмас. Кейин Қозоғистонда ва Россияда яшадим, у ерда ҳам бир-икки нарса суратга олганмиз. Лекин росмана актёр бўлганман дея олмайман.
Киши бир соҳани танласа, охиригача бориш керак. Менга камералар ортида бўлиш кўпроқ ёқди. Барча актёр бўлишни орзу қилади, лекин бу қанчалик қийинлигини камдан кам одам билади. Балки талаб ва таклиф йўқлиги ҳам рол ўйнагандир. Кино олиш – унда рол ўйнашдан кўра анча қизиқ», – дейди суҳбатдошимиз.

Маълум бўлишича, Шуҳрат Қаюмовнинг «Illusion Pictures» номли ўз продюсерлик компанияси бор ва у 2003 йилдан буён хориж кинокомпаниялари билан ҳамкорликда фильмлар суратга олмоқда. Масалан – ҳиндистонликлар билан ҳамкорликда тасвирга туширилган «Hoichoi unlimited» («Шод-у ҳуррамлик») фильми. Қаюмовнинг айтишича, бу кино прокатидан сўнг Ҳиндистондан Ўзбекистонга сайёҳлар оқими сезиларли ошган, натижада Мумбайдан Тошкентга янги авиақатнов йўлга қўйилган.
«Фильм Ҳиндистонда прокатдан ўтганидан сўнг, Ўзбекистонга жуда ҳам кўп сайёҳларни жалб қилди. Мисол учун, олдин Ҳиндистондан Ўзбекистонга фақат Деҳли шаҳри орқали училган бўлса, кейин Мумбай орқали парвозлар ҳам йўлга қўйилди. «Ўзбектуризм» ҳам кино продюсерини мукофотлади, чунки Ҳиндистондан жуда кўп туристлар Ўзбекистонга кела бошлади. Бу – қўшимча даромад, бу – машҳурлик», – дейди у.

Шуҳрат Қаюмовнинг продюсерлигида ишланган бошқа бир катта метражли фильм – «To the Ends of the Earth» («Дунёнинг чеккасига») Япония киноижодкорлари билан ҳамкорлик маҳсули.
«Японлар ўзбек киносини яхши кўради. Японияда «Абдуллажон» филми жуда машҳур, ҳатто ҳар хил клублар бор. Ҳар йили ўзбек киноси кунларида бу фильмни кўрсатишади.
Японлар Ўзбекистонга келишни ҳам яхши кўришади. Улар Хива, Самарқанд, Бухоро ва Тошкентга келишади ва Ўзбекистонда олинган кино Японияда кўрсатилса, бу жуда катта реклама. Табиийки, туристлар оқими кўпаяди. Бу жуда яхши. Бу – қўшимча инвестициялар, бу – кино саноати учун қўшимча маблағ. Умид қиламанки бу охирги қўшма фильмимиз эмас», – дейди суҳбатдошимиз.
Интервью давомида Шуҳрат Қаюмов бугунги ўзбек киносаноати, режиссёр сифатидаги илк асари, «Абдуллажон» фильмининг бош ролига қай тариқа танлангани, жаҳон киноси ва бошқа мавзуларда ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Тўлиқ суҳбатни Kun.uz`нинг YouTube`даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин, видеога ўзбекча субтитрлар илова қилинган.
Маълумот учун, Шуҳрат Қаюмов – кинорежиссёр Малик Қаюмовнинг невараси, таниқли оператор Тимур Қаюмовнинг ўғли. Малик Қаюмов 1981 йилда давлат мукофоти билан тақдирланган; у 1941 йил июнида Амир Темурнинг қабри очилишини бевосита кузатган сўнгги гувоҳ, II жаҳон урушининг сўнгги фронтолди кинооператорларидан бири эди. Тимур Қаюмов ҳам ўз вақтида ЎзССР Госкино ва Ўзбекистон кинематографлари уюшмасининг операторлик маҳорати дипломига сазовор бўлган.
Мавзуга оид
20:30 / 10.05.2025
“Кино ва театр аҳмоқларни тарбиялайдиган жой эмас, ақлли инсонлар дам оладиган жой” – Санжар Шодиев
15:38 / 02.10.2023
“Давлат кино соҳасида бугунги шовқин-суронни эмас, эртанги шон-шарафини ўйлаб иш қилсин» – киношунос
15:13 / 01.10.2023
Чой, кофе ташишдан кинорежиссёрликкача – “даҳшатлар қироли”дан 1 долларга ҳикоя сотиб олган ўзбек қизи
11:12 / 21.09.2023