Ўзбекистон | 10:21 / 18.06.2020
8156
4 дақиқада ўқилади

Низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашлари ташкил этилади - Президент қарори

Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари қабул қилинди.

Президент “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қайд этилишича:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси ва Фуқаролик процессуал кодексига мувофиқ ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида судья тарафлардан келишув битимини тузиш эҳтимолини ёки низони ҳал қилишнинг муқобил усуллари эҳтимолини аниқлайди ва уларнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтиради;

ҳуқуқий жамиятда низони ҳал этишнинг муқобил механизмлари яратилиши жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга эришишнинг самарали воситаси сифатида баҳоланади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2020 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида:

Давлат божхона қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашларини ташкил этиш тўғрисидаги;

жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) ёхуд ҳаракатсизлиги натижасида ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатлари Апелляция кенгаши томонидан кўриб чиқилиши тартибини ўрнатиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Белгиланишича, мазкур тартиб жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай ишлар юзасидан тўғридан-тўғри бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқини истисно этмайди.

Қуйидагилар Апелляция кенгашининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органи ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш ва хулоса қабул қилиш орқали уларни ҳал этиш чораларини кўриш;

мурожаатни кўриб чиқишда қонун ҳужжатида турлича талқин этилиши мумкин бўлган нормалар аниқланган, у амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда, уларни белгиланган тартибда расмий шарҳлашни ташкиллаштириш бўйича чораларни кўриш;

мурожаатни кўриб чиқишда аниқланган қонун ҳужжатларидаги бўшлиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш.

Белгиланишича:

Апелляция кенгашининг таркиби тегишли давлат органи раҳбарининг қарори билан икки ярим йил муддатга тасдиқланади;

Апелляция кенгаши 7 нафардан 11 нафаргача аъзолардан иборат таркибда тузилиши мумкин;

Апелляция кенгаши аъзолигига амалий тажрибага ва обрў-эътиборга эга давлат органининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек, соҳада катта амалий тажриба ёки илмий салоҳиятга эга бўлган обрўли фуқаролар қабул қилинади. Бунда, давлат органининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ёки ходимлари ҳисобланмаган Апелляция кенгаши аъзолари жами Кенгаш аъзоларининг бешдан бир қисмидан ошиб кетмаслиги лозим;

Апелляция кенгаши унда кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан тавсиявий тусга эга бўлган хулоса қабул қилади. Апелляция кенгаши томонидан қабул қилинган хулоса уч кун муддатда давлат органи раҳбарига кўриб чиқиш учун, бошқа манфаатдор тарафларга маълумот учун юборилади;

Апелляция кенгашининг хулосасини қабул қилиб олган давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари уни инобатга олиши ёки ёзма асослантирилган тарзда рад этиши мумкин. Бунда, давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари қабул қилинган қарор тўғрисида уч кун муддатда Апелляция кенгаши ва тарафларни ёзма ёки электрон тарзда хабардор қилади.

Тошкент давлат юридик университети ва Юристлар малакасини ошириш марказининг улар муассислигида Тошкент медиация марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид