Иқтисодиёт | 16:09 / 29.12.2020
5741
2 дақиқада ўқилади

Бизнес-омбудсманга мулкка доир ҳуқуқларни бузган раҳбарларни маъмурий жавобгарликка тортиш ваколати берилади

Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаати давомида келаси йилда ҳам тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бўйича янада қулай шароитлар яратилишини маълум қилди.

«Бир нарсани очиқ тан олиш керак, пандемия даврида иқтисодиётнинг барқарор ишлаши учун тадбиркорлар давлат билан теппа-тенг ҳисса қўшдилар. Шунинг учун барчамиз тадбиркорларга елкадош бўлиб, уларни доимо қўллаб-қувватлашимиз шарт.

Бу борада ишбилармонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, айниқса, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш барча даражадаги давлат органларининг асосий вазифаси бўлиши лозим.

Шу билан бирга, айрим жойларда тадбиркорларнинг мулкка доир ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари давом этмоқда. Бу масалада давлат органлари тизимидаги раҳбар ва мутасаддиларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича Бизнес-омбудсманга ваколат беришни таклиф этаман.

Келгуси йилда «Солиқчи – кўмакчи» тамойили асосида тадбиркорлар учун уларнинг бизнес ҳамкорининг солиқ қарздорлиги ҳақидаги маълумотларни олиш имконияти яратилади.

Тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида 105та лицензия ва рухсатнома турлари бекор қилинади, 115таси бўйича эса тартиб-қоидалар соддалаштирилади.

Пандемия шароитида айланма маблағ танқислигига дуч келган тадбиркорларимиз «оёққа туриб олишлари» учун уларга кўмак беришни давом эттирамиз», - деди президент.

Мавзуга оид