Жамият | 19:47 / 25.06.2020
16097
10 дақиқада ўқилади

Президент академик Бекжон Тошмуҳамедов вафоти муносабати билан таъзия билдирди

Бугун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, мамлакатда биофизика фанига асос солган етук олим, ёзувчи Ойбекнинг фарзанди бўлган Бекжон Тошмуҳаммедов 85 ёшида оламдан ўтди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Сенат раиси Танзила Норбоева, Қонунчилик палатаси спикери Н.Исмоилов, бош вазир Абдулла Арипов ва бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев академик вафоти муносабати билан таъзия билдирди.

«Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради.

Таниқли олим, биофизика фанининг Ўзбекистондаги асосчиларидан бири, академик Бекжон Тошмуҳамедов 85 ёшида вафот этди.

Бекжон Тошмуҳамедов 1935 йил 27 январда Тошкент шаҳрида туғилди. 1958 йили Москва давлат университети ва унинг аспирантурасида таҳсил олди. 1962 йили  номзодлик, 1971 йили докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1987 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

Меҳнат фаолиятини 1962 йили Тошкент давлат университетида (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) кичик илмий ходим сифатида бошлади. Ўзбекистон Миллий университети доценти, кафедра мудири, Фанлар академияси Физиология ва биофизика институти директори, Республика Олий аттестация комиссияси раиси, Фанлар академияси Президиуми Биология фанлари бўлими раиси, Биокимё институти биофизика лабораторияси мудири, Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Биофизика ва биокимё институти бош илмий ходими лавозимларида самарали хизмат қилди.  

Б.Тошмуҳамедов биофизика, ҳужайра физиологияси ва табиатни муҳофаза қилиш бўйича йирик тадқиқотчи сифатида танилган олим эди. Унинг биофизика мактабини дунёга танитишда муҳим аҳамиятга эга бўлган долзарб мавзулардаги илмий мақола ва тадқиқотлари, рисола ва монографиялари юртимиз ва чет эл илмий жамоатчилиги ўртасида эътибор қозонди.

Олим ҳужайра мембранасига таъсир қилувчи фаол моддаларнинг тадқиқоти бўйича Ўзбекистонда илмий марказ яратди. Халқаро миқёсда кенг эътироф этилган ушбу марказнинг биофизика лабораторияларида Хитой, Корея Республикаси, Ҳиндистон, Араб мамлакатлари, Польша ва бошқа давлатлардан изланувчилар келиб тадқиқот ишларини амалга оширдилар.

Б.Тошмуҳамедов АҚШ, Англия, Германия, Франция, Швеция, Дания каби мамлакатларнинг бир неча халқаро илмий марказ ва академияларининг фахрий аъзоси эди.

Жонкуяр олим кўплаб истеъдодли ёшларга устозлик қилди. Унинг раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари етишиб чиқди.

Академик Б.Тошмуҳамедовнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У Беруний номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотига ва «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби» унвонига сазовор бўлган эди.

Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Бекжон Тошмуҳамедовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади», дейилади президент матбуот хизмати томонидан келтирилган таъзия матнида.

Устоз мураббий сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси президенти ташаббуси билан 2018 йил очилган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Биофизика ва биокимё институтида Бош илмий ходим лавозимида  фаолият олиб бораётганди.

Kun.uz 2019 йил октябрида академик билан интервью уюштирганди. Қуйида ўша интервью тўлиқ ҳолда келтирилади.

- Интервью беришга рози бўлганингиз учун ташаккур. Аввало, Ўзбекистондаги вазият, Ўзбекистон президенти бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларни қандай баҳолашингиз тўғрисида сўрамоқчи эдим.

- Биз тез ўзгарувчан даврда яшаяпмиз ва менинг ёшимда барқарорлик кўпроқ хоҳланса-да, аммо бугунги кунда мамлакатимизда бўлаётган барча ўзгаришлардан жуда мамнунман. Ахир, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар биринчи марта ўз ечимини топа бошлади.

Тўғри, ҳаммаси текис кетмаяпти. Президентнинг ўзи мавжуд камчиликларни тан олмоқда. Аммо энг муҳими, ҳукумат халқ билан мулоқот ўрнатди. Сўз эркинлиги ва диний эркинлик, инсон ҳуқуқлари энди жамиятимиз учун мўрт сўз эмас. Бугунги кунда одамларнинг манфаати шунчаки навбатчи сўзлар эмас - бу сиз ва бизнинг воқелигимиз.

Ва халқ ана шундай яшашга одатланмоқда ва бунинг аксини тасаввур ҳам қила олмайдилар. Биз узоқ, чуқур ва қўрқинчли уйқудан уйғонганимиз ойдинлашди.

Менимча, биз яқиндагина ҳукумат ўз оилаларини ташлаб, иш излаб кетган бечора муҳожирларни ҳақоратлашга йўл қўйганлигини унутиб юбордик. Биз Ўзбекистон ҳақидаги янгиликларни чет эл матбуотидан ўқиганимизни ёддан чиқардик. Атиги уч йил аввал БМТнинг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Ўзбекистонда жонли эфирда матбуот анжумани ўтказишини тасаввур қилишнинг иложи йўқ эди.

Биз қисқа вақт ичида қандай йўлни босиб ўтганимизни осонгина унутдик. Бу муаммоларнинг ечимига, авваламбор, президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродасини талаб этадиган саъй-ҳаракатлар орқали эришилади. Унинг ишончи ва танлаган йўлида қатъийлиги туфайли одамлар эркин гапириш ва фикрлаш имкониятига эга бўлдилар. Буларсиз бугун сиз билан бундай мавзуларда гаплашиб ўтирмаган бўлардик. 

- Сиз ютуқлар ҳақида гапиряпсиз, аммо тобора кўпроқ одамлар виртуал қабулхоналар, блоглар ва ижтимоий тармоқлар орқали президентга мурожаат қилиб, ўз муаммолари ҳақида гапира бошладилар.

- Бу нормал ҳол. Одамлар ўз мурожаатлари эътиборсиз қолмаётганлигини кўришмоқда. Бироқ, барчамиз "шу ернинг ўзида ва ҳозироқ" деган талабни бажаришнинг ҳамиша ҳам имкони йўқлигини тушунишимиз лозим.

Олдинга силжиш, тўпланган хатоларни тузатиш ва тугатиш жиддий харажатларни талаб қилади. Ҳақиқий бозор муносабатларига ўтиш даврида инфляция муқаррар эканлигини одамларга қандай тушунтириш керак? Давлат аҳолининг уй-жой коммунал хизматлари учун қарзларини доимий равишда тўлай олмайди, электр энергияси, ун ва бошқа нарсалар ишлаб чиқаришни мунтазам субсидиялашга қодир эмас. Яримтаки чоралар ҳеч қачон муваффақият келтирмаган, фақат муаммоларнинг оғриқли ечимини ортга сурган. Агар бозор фойдасига танлов қилган бўлсак, у ҳолда бозорга қараб ўйлашимиз ва ҳаракат қилишимиз керак. Афсуски, бошқа йўл йўқ.

Шу билан бирга, ҳақиқий вазиятни тушунтириш ўрнига шунчаки арзон очко ишлайдиган одамларнинг алоҳида гуруҳи бор. Танқид қилиш ҳар доим муаммони ҳал қилишдан кўра осон. Натижада тўғри, аммо оғриқли ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ўрнига, салбий ахборот манзараси шаклланади. Сўз эркинлиги оғзига келганини гапириш дегани эмас, зеро бу улкан жавобгарлик ҳамдир.

- Мамлакатимизда юз бераётган ўзгаришларга келсак, сизнингча, қайси масалалар жадал ривожланишга эришиш учун устувор ҳисобланади?

- Мен Шавкат Миромоновичнинг жаҳолат ва зўравонликка қарши таълим орқали курашишга асосланган қатъий позициясини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Маърифат, илм-фан ва таълим тараққиёт гарови деган бўлардим. Тараққиёт нима? Уни таъминлайдиган инновациялар, янги технологиялар, маълумотли ва юқори малакали кадрлардир.

Муҳими, давлатимиз раҳбари буни тушунади. Унинг ўзи ҳам бир неча бор таъкидлаганидек, замоннинг ўзи фан соҳасини ривожланишнинг янги босқичига кўтариш зарурлигини тақозо этади. Айнан президент туфайли Ўзбекистон Фанлар академияси қайта тиклана бошланди. Зеро, бунгача, у йиллар давомида онгли равишда йўқ қилинди, унутила бошлади. Менинг сўзларимни кўплаб олимлар тасдиқлашади.

Бугун академик унвонига жамиятнинг аввалги ҳурмати қайтарилди. Эндиликда Академияга ўзларини тўлиқ фанга бағишлайдиган ва ўз оилаларини боқиш учун пул топиш заруриятини ўйламайдиган ёш ва иқтидорли ёшлар кела бошладилар. Олим бўлиш бизнесмендан кам бўлмаган нуфузга айланиб бораётгани мени хурсанд қилади. Илм кишилари жамиятда шарафли ўринни эгаллайдилар. Буларнинг барчасида мамлакатимизнинг ҳақиқий тараққиёти ва порлоқ келажагини кўрмоқдаман.

- Аммо тараққиётни таъминлаш учун мусаффо осмон керак. Албатта, бугун биз тинч ва осойишта ҳаёт кечирмоқдамиз. Сизнингча, радикаллашув ва экстремизм таҳдидлари Ўзбекистон учун қай даражада реал?

- Терроризм бизнес сингари глобаллашиб бормоқда, у чегараларни тан олмайди ва ўз мақсадларига эришиш усулларини доимий равишда такомиллаштириб бормоқда. 

Агар бизда ҳаммаси тинч бўлса, бу ҳеч бир мамлакат суғурталанмаган таҳдидлар бизни четлаб ўтишини англатмайди. Биз бутун бошли давлатлар зўравонлик, разолат ва фундаментализм чангалига тушиб қолишига гувоҳ бўлдик. Бизга энг яққол мисол - ўнлаб йиллар давомида қон тўкилиши тўхтамаётган Афғонистон. Бир ўйлаб кўринг, биргина ўтган йил давомида у ерда 3 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди, буларнинг бари бизнинг чегараларимизга яқин жойлашган бутунлай бошқа дунё мавжуд бўлган ерда содир бўлмоқда.

Ватанимизга таҳдидлар хаёлот эмас. 2000-йиллар бошида террорчилар қўшни давлатлардан бизнинг ҳудудимизга ўтиб кетишининг олдини олиш учун тоғларда шафқатсиз ҳарбий ҳаракатлар олиб боришга тўғри келганини барчамиз эслаймиз. Хорижий кучлар мавжуд, агар уларга зарба берилмаса, улар юртимизни ҳақиқий Исломга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган экстремистик ғоялар билан тўлдирадилар.

Бизга қўшни мамлакатларда уларнинг Яқин Шарқ давлатлари ҳомийлик қиладиган мактаблари фаолият кўрсатади. Биз бу барча балолар бизни четлаб ўтиб кетади, деб ўйлаб, бепарво яшамаслигимиз лозим. Биз биргаликда мамлакатимизга, ислоҳотларнинг оғир йўлини бошлаган президентимизга ёрдам беришимиз керак. Охир-оқибат, барчамиз бир қайиқдамиз ва унда ўз манфаатларимиз йўлида сузишимиз даркор.

- Суҳбат учун раҳмат.

Мавзуга оид