Жаҳон | 12:18 / 20.08.2025
3176
2 дақиқада ўқилади

Исроил мудофаа вазири Ғазони оккупация қилиш режасини тасдиқлади

Операция «Гидеон-2 жанг аравалари» деб номланди ва Исроил армияси ҲАМАС жангариларини тўлиқ йўқ қилишни кўзламоқда.

Фото: Hamza Z. H. Qraiqea/Anadolu

Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Ғазо шаҳрига ҳужум режасини тасдиқлади, деб хабар берди Ynet. Операция «Гидеон-2 жанг аравалари» деб номланди.

Қайд этилишича, тез орада захирадагилар сафарбар этилиши кутилмоқда, шаҳардан қочқинларни жойлаштириш бўйича гуманитар дастур тайёрланмоқда. Шаҳарга ҳужум бошланиши билан Исроил армияси ҲАМАС жангариларини тўлиқ йўқ қилинмагунча изоляция қилмоқчи, деб ёзди Ynet.

The Times of Israel маълумотларига кўра, операцияни ўтказиш учун 60 мингга яқин захирадаги аскарларни чақириш режалаштирилган. Уларнинг барчаси ҳам операцияда бевосита иштирок этмайди, баъзилари Исроилнинг бошқа жойлардаги мунтазам қўшинлари ўрнини эгаллайди.

«Гидеон-2 жанг аравалари» операцияси тугаши билан, Кацнинг таъкидлашича, «Ғазо ўз қиёфасини ўзгартиради ва аввалгидек бўлмайди».

Ғазони оккупация қилиш режаси Исроил армияси (ЦАҲАЛ) жорий йил май ойида бошлаган «Гидеон жанг аравалари» операциясининг давоми бўлади. Август ойида маҳаллий матбуот бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг Ғазони оккупация қилиш ҳақидаги таклифи Исроил ҳарбий-сиёсий кабинети томонидан маъқуллангани ҳақида хабар берган эди.

Бош вазир девонхонаси маълумотларига кўра, вазирлар маҳкамаси Ғазодаги урушни тугатиш учун зарур бўлган бешта тамойилни ҳам қабул қилган. Улар: ҳамасчиларни қуролсизлантириш, гаровга олинганларни қайтариш, Ғазо секторини демилитаризация қилиш, уруш тугаганидан кейин ҳам Исроилнинг Ғазо устидан тўлиқ назоратини сақлаб қолиш ва ҲАМАС билан Фаластин маъмурияти бўлмаган муқобил фуқаролик ҳукуматини яратиш.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид