Жамият | 16:07 / 08.12.2018
12013
4 дақиқада ўқилади

Бугун катта йўл бўйидаги мактабларда йўл ҳаракати хавфсизлиги қай даражада таъминланган?

Сўнгги вақтларда таълим тизимига эътибор кучаймоқда. Айниқса, мактабларга эътиборни кучайтириш, уларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Чунки мактабларда эртанги кун келажаги ҳисобланган болалар билим ва тарбия олмоқда. Уларнинг шу ўқув масканига соғ-саломат бориб келишларини таъминлаш нафақат ота-оналар, балки ўқитувчи, ҳайдовчи, ЙҲХХ ходимларининг ҳам бурчи ҳисобланади.

Хўш, бугун уларнинг хавфсизлигини қай даражада таъминлай оляпмиз? Қор-ёмғирли кунлар аллақачон бошланганига эътибор қаратадиган бўлсак, бугун мактаблар олдидаги катта йўлларда ҳаракат хавфсизлиги тўлиқ таъминланяптими? Республикамиз бўйлаб вазият қандай ҳолатда? Дастлаб пойтахтимизда жойлашган бир нечта мактаблардаги аҳвол билан танишдик. 

Youtube'да кўриш

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s
 
Mover'да кўриш (tas-ix)
 

Чилонзор тумани Ал-Хоразмий маҳалласида жойлашган 126-мактаб. Мактаб олдидаги йўлда на светофор, на тезликни пасайтиришни кўрсатувчи белгилар бор, ҳатто пиёдалар йўлагидаги чизиқлар («зебра») ҳам ўчиб кетган. Бундай вазиятда ота-онаси билан келган ўқувчилар бир амаллаб ўтиб олар, лекин бирор сабаб билан кузатувчисиз, мактабга ёлғиз қатнайдиган ўқувчилар бу йўлларда қийналишади. Бола, барибир бола – ўйинқароқ бўлади. Йўлдан югуриб ўтиб кетади. Тасвирга олиш жараёнида ҳам бунга гувоҳ бўлдик. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ривожланган ғарб мамлакатларида фуқаролар пиёдалар йўлагига қадам босиши билан барча ҳайдовчилар ҳаракатдан тўхташади. Биз гувоҳи бўлган ҳолатда эса, аксинча, ҳеч ким мактаб ўқувчиларига эътибор бермаяпти. На светофор, на ўқитувчи, на ЙҲХХ ходими бор. Шу мактабга фарзандларини бир неча йиллардан бери олиб келаётган фуқароларни эшитиб кўрдик. Улар ҳам бу ҳолат бир неча йиллардан бери мавжуд эканлигини, ҳеч ким эътибор қаратмаётганини таъкидлашди. Шунингдек, ҳар сафар фарзандларини йўлдан олиб ўтишда қийинчиликларга дуч келишларини айтишди. 

Учтепа туманида жойлашган 107-мактабга олиб ўтувчи йўлни тасвирга олдик. Бу йўлда фақат пиёдалар ўтиш жойини англатувчи белгидан бошқа ҳеч нарса кўринмайди. Йўл торлиги сабаб ўқувчилар йўлни кесиб ўтишда қийинчиликларга дуч келишмоқда. Зебра чизиқлари ҳам кўринадиган ҳолатда эмас. Бу йўл мактабга ўтиш йўли эканлигини фарзанди шу ерда ўқиётганлар билади, холос. Автомашиналар ҳаракати эса жуда тез...

«Ҳақиқатдан ҳам болаларни йўлдан ўтказишда муаммога дуч келамиз. Куп йиллардан бери қилиб келган мурожатимиз сабаб, ЙҲХХ ходими ажратилди. Фақат эрталабки сменада келиб болаларни ўтказишда назоратни таъминлайди. Лекин тушдан кейин ўқийдиган болалар ҳам бор. Бу – яна 3 минг бола дегани. Ўтган йиллар давомида йўл транспорт ҳодисаси ҳам юз берган. Фақат йўл чизиқларининг ўзи камлик қиляпти», – дея таъкидлаб ўтди 107-мактаб директори Нигора Салимова.

Нигора Салимова

Мавзуни пойтахтимиздаги икки мактаб мисолида ўрганиб чиқдик. Кундан-кунга йўлларда автомашиналар сони кўпайиб бормоқда. Шунингдек, ҳозир кўпчиликда замонавий телефонлар-у, овозли қулоқчинлар бор. Бу эса йўлларда эътиборни бир жойга жамлашда қийинчилик туғдиради. Мақсадимиз - эртамиз келажаги бўлган болажонлар хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшишдир. Ишонч билдирамизки, масъул ташкилотлар бу муаммога эътибор қаратишади.

Kun.uz мухбирлари республика бўйлаб мактаблар яқинидаги йўлларнинг ўқувчилар кесиб ўтиши лозим бўлган қисмларидаги ҳолатларни ўрганишда давом этади.

Раҳматилло Исроилов тайёрлади.

Мавзуга оид