“Ресторан вазирлиги тузилса, ресторанларнинг сифати тушиб кетади” — Беҳзод Ҳошимов
Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Ўзбекистонда ихчам ва самарали давлат бошқарувини ташкил этишда қайси вазирликларни сақлаб қолиб, қайсиларини тугатиш кераклиги ҳақидаги фикрларини билдирди.
Ўзбекистон ҳукумати порталидаги маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатда 21 та вазирлик мавжуд. Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов «Лолазор» подкастидаги суҳбатда бу рақам ҳаддан ташқари кўп деб ҳисоблашини айтди.
«Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги – керак эмас. Иқтисодиёт ва молия вазирлигига молия керак, иқтисодиётни билмадим. Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги – керак эмас. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги – керак эмас. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги – керак эмас. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги – керак. Бу истисно тариқасида. Тизим муаммоли, марказлашган бўлишида фойда кўпроқ. Мактабларнинг ўзини-ўзи бошқариши қийинроқ масала. Масалан, ҳозир Инвестиция вазирлиги ёпилса, Ўзбекистонда ҳеч нарса ўзгармайди. Сал савдо қилиш осонроқ бўлиб қолади. Лекин Таълим вазирлиги ёпилса, муаммолар юзага келиши мумкин. Мен шу нуқтайи назардан айтдим. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги – керак эмас. Спорт вазирлиги – керак эмас. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги – керак эмас», дейди иқтисодчи.
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев Ўзбекистон аграр давлат эканини эслатиб, нима учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги керак эмаслиги бўйича Ҳошимовнинг фикри билан қизиқди.
«Тошкентда ресторанлар зўрлиги ҳақида кўп гапирилади. Лекин Ресторан вазирлиги йўқ. Мен ўйлайманки, агар шундай вазирлик бўлиб қолса, ресторанларнинг сифати тушиб кетади. СССР пайтида савдо ва ресторан трести бўлган. Шунинг учун одамлар на нарса сотиб олган, на нормал овқатланган. Ҳозир Кийим вазирлиги бўлса, кийимсиз қолиб кетамиз. Бу борада ҳазиллашмаяпман», дея ўз фикрларини изоҳлади Ҳошимов.
Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев рўйхатдаги қолган вазирликларни ҳам кетма-кет ўқишни давом эттирди.
«Сув хўжалиги вазирлиги – керак эмас. Рақамли технологиялар вазирлиги – керак эмас. Адлия вазирлиги прокуратура билан бирлашиши керак. Ўзбекистонда адлия дейилганда одамларга кўрсатиладиган хизматлар тушунилади. Мен адлияни каттароқ, юстиция маъносида тушунаман. Транспорт вазирлиги – керак эмас. Маданият ва туризм вазирлиги – керак эмас. Мудофаа вазирлиги – керак. Энергетика вазирлиги – керак эмас. Соғлиқни сақлаш вазирлиги – ҳозирча керак, аммо, бу ерда ислоҳот қилиш лозим. Масалан, Энергетика вазирлигини керак эмас деганим билан, уларнинг айрим регулятив функциялари бор. Бу кичикроқ ташкилот сифатида қолиши мумкин», деди Ҳошимов.
Муҳрим Аъзамхўжаев АҚШда ҳам Қишлоқ хўжалиги вазирлиги борлиги, бу ташкилот 19-асрда ташкил этилганига эътибор қаратди. Бекзод Ҳошимов Қўшма Штатларда ушбу вазирликнинг асосий функцияси субсидия тарқатиш бўлиб қолгани, шу жиҳатдан жуда зарарли ташкилотга айлангани учун тугатиш лозимлигини айтиб ўтди.
«Ташқи ишлар вазирлиги – керак. Ички ишлар вазирлиги – керак, лекин ўзгариши лозим. Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги – давлат сиёсатини олиб борувчи орган сифатида керак эмас, лекин қутқарув хизматлари бор, шу жиҳатдан муниципалитет шаклида бўлиши керак», деди иқтисодчи.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг охирида ўтказилган «админреформа» натижасида давлат бюджети харажатлари 2,8 трлн сўмга қисқариши мақсад қилинган, бироқ амалда 2023 йилда харажатлар 3,3 трлн сўмга ошиб, 17 трлн сўмга етганди.
Мавзуга оид
22:26 / 06.07.2024
“Ўзбекистонга кираётган инвестициялар камлиги – хавотирли” — Беҳзод Ҳошимов
20:30 / 02.07.2024
Энергетика, АЭС ва бюджет тақчиллиги — Беҳзод Ҳошимов билан суҳбат
15:02 / 28.05.2024
“АЭС қурилишини жуда чуқур ўйлаш керак” — Беҳзод Ҳошимов
13:55 / 25.05.2024