Жаҳон | 15:14 / 15.02.2024
16328
13 дақиқада ўқилади

Кемалар “сўйиладиган” қабристон – Ҳиндистондаги “ўликлар қирғоғи” қандай пайдо бўлганди?

Ҳиндистоннинг жанубий-ғарбида Аланг номли шаҳарча бор. Бу шаҳарча эски кемаларни бузиб оладиган жойи билан машҳур. Ҳинд океани соҳиллари бўйлаб 50 километрга чўзилган ҳудудда кўплаб платформалар бор. Уларда йил давомида 30-40 минг одам кема бўлаклаш билан банд бўлади. Бу ерда йирик кемаларгача қўлда бўлакланади ва бу учун 300-400 одам бир ой ишлайди.

Бугун инсоният барча соҳаларда ишлаб чиқаришни кўпайтириш йўлидан бормоқда. Ҳатто айрим соҳаларда кескин рақобат туфайли эҳтиёж ҳам ҳисобга олинмаяпти ва талаб ҳамда таклифдагидан кўпроқ нарса ишлаб чиқариляпти.

Саноат ривожланиб бораётгани яхши, бироқ муддати ўтиб бўлган маҳсулотларнинг, турли техникаларнинг, пластик буюмларнинг утилизация қилиниши масаласи кундан кун долзарб муаммога айланиб бормоқда.

Оқибатда, пластик чиқиндилар, автомобиллар шиналарини қайта ишлаш сустлиги туфайли атроф-муҳит ифлосланяпти. Қайта эритилмаган турли эски темир буюмлар ва транспортлар эса занглаб, чириб кетмоқда.

Умумий манзарага қаралса, бой давлатлар ҳеч нарсани қайта ишламоқчи ёки утилизация қилмоқчи эмасдай туюлади. Аслида ҳам шундай. Шу сабабли Ғарб давлатларидан чиқаётган турли чиқиндилар ўртаҳол ёки камбағал давлатларга олиб келиниб, қайта ишланмоқда ёки утилизация қилинмоқда.

Масалан, Туркия Европанинг бир нечта давлатларидан чиқаётган пластик чиқиндиларни қайта ишловчи мамлакат ҳисобланади. Эски темир буюмлар, автомобиллар ва кемалар эса асосан Ҳиндистон, Покистон ва Бангладешда қайта ишланади.

Айниқса, Ҳиндистондаги Аланг шаҳарчаси ҳозирги кунда турли ҳажмдаги эски кемаларни утилизация қилувчи йирик марказга айланиб бўлди. Бу ерда бир вақтнинг ўзида юзлаб кемалар бўлакларга бўлинаётган бўлади.

Аланг шаҳарчаси Ҳиндистоннинг жанубий-ғарб қисмида жойлашган

Металл кемалар ва уларнинг утилизация тарихи

Денгиз ва дарёлар бор экан, инсоният кемалардан қачондан фойдалана бошлагани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Улар тахминан 5 минг йил илгари пайдо бўлгани айтилади.

Бироқ Ислом, насроний ва яҳудий таълимотида Нуҳ алайҳиссалом ясаган кема ҳақида маълумот бор. Муқаддас китобларда ўшанда дунёни сув босганда инсоният ва жонзотлар шу кемада жон сақлаб қолгани ҳақида ёзилган.

Кемалар яқингача ёғочдан қурилган. Ҳатто Колумб Ҳиндистон деб Кариб ҳавзасига бориб қолган ёки Васко да Гама Африка жанубини айланиб ўтиб Ҳиндистонга етиб борган, Фердинанд Магеллан ва унинг жамоаси дунё бўйлаб айланиб чиққан кемаларнинг барчаси ёғочдан ясалган эди.

Кемаларни металлдан ясаш 19-асрга келиб бошланди. Унгача илк бор металлдан 1787 йилда Жон Уилкинсон деган шахс қайиқ ясаган ва Англия ғарбидаги Шропшир графлигида жойлашган Северн дарёсида сузган.

1819 йилда металлдан илк кема қурилади. “Вулкан” деб номланган бу кема Шотландияда ясалганди ва ундан отларни ташувчи баржа сифатида фойдаланишади.

1822 йилда Британияда “Аарон Мэнби” кемаси қурилади. Бу кема Ла-Манш бўғозини биринчи сузиб ўтган кема сифатида тарихда қолган. Кеманинг узунлиги 32 метр бўлган.

Дунё бўйлаб сузган металлдан ясалган биринчи йирик кема 1839 йилда Ост-Индия компанияси томонидан қурилган бўлиб, унинг узунлиги 56 метр бўлган. Шундан сўнг барча кемалар металлдан қурила бошланади.

19-асрда металлдан қурилган кемалардан бири

Металлдан ясалган кемаларнинг яроқлилик муддати ўртача 25-30 йил. Шундан сўнг улар утилизация қилиниши керак. Шу тариқа, 19-асрнинг иккинчи ярмида металл кемаларни утилизация қилиш бошланди.

1880 йилда Шотландиянинг Дамартон шаҳрида ака-ука Деннилар томонидан металл кемалар утилизация қилинадиган илк корхона очилади. Бу ерда эски кемалардан кесиб олинган металл бўлакларидан янги кемалар ясаларди.

Кемаларни утилизация қиладиган корхона Италияда 1892 йилда, Японияда 1896 йилда ташкил этилган. Биринчи жаҳон уруши пайтида ва ундан кейин утилизация қилинадиган кемалар кўпаяди.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин вазият бироз ўзгаради. 1950-1960 йиллардан бошлаб Европа давлатлари, Япония иқтисодий ривожланади ва кемаларни утилизация қилмай қўяди.

Бунга биринчи сабаб кемаларни бўлаклаш катта харажат талаб қилса, иккинчиси улар турли соҳаларда фойдаланишда эски металлдан кўра янги металлни афзал кўришди.

Ўша пайтлардан бошлаб эски кемалар ишчи кучи жуда арзон бўлган Ҳиндистон, Покистон ва Бангладешга келтирилиб, шу мамлакатларда бўлаклана бошланади.

Бугунги кунда кемаларни бўлаклаб олиш бўйича Бангладешдаги Читтагонг, Покистондаги Гадани, Ҳиндистондаги Аланг шаҳарлари машҳур.

Уларнинг ҳар бирида бир йилда 500 га яқин йирик, 1000 дан ошиқ ўртача йирик ва кичик кемалар утилизация қилиниб, бўлаклаб олинади. Айниқса, денгиз соҳилида 50 км масофага чўзилиб кетган Алангдаги кемалар қабристонида энг йирик кемалар “сўйилади”.

Алангдаги "Кемалар қабристони"

Аланг – кемалар қабристони

Аланг шаҳарчаси Ҳиндистоннинг жанубий-ғарбида, Гужорат штатининг Бхавнагар округида жойлашган. Шаҳарча четини Ҳинд океани сувлари ювиб туради.

Аланг жойлашган ҳудудда Атлантика океанининг қумли соҳиллари бор. Одатда бундай жойларда асосан пляжлар ва дам олиш масканлари барпо этилади.

Бироқ Алангда бундай бўлмаган. Шаҳарча четида эллик километрдан ошиқ ҳудудда кемалар қабристони жойлашган ва у ерда асосан эски кемалар майдаланиб, бўлакларга ажратилади.

Алангда кемаларни “сўйиш” 1980-йиллар бошида бошланган. Бу ерга утилизация қилиниши лозим бўлган илк кема “Kota Tenjong” 1983 йил 13 феврал куни келтирилган.

Ўшандан буён орадан 40 йил ўтди ва эндиликда Аланг дунёдаги эски кемаларни бўлаклайдиган энг йирик марказга айланди.

Аланг шаҳарчасининг бундай даражага чиқишида унинг қулай ҳудудда жойлашгани, соҳилларда ноқулай об-ҳаво ва тўфонлар кузатилмаслиги сабаб бўлган.

Бир қараганда Алангдаги “Ўликлар соҳили”да барча нарса, кема бўлаклари тартибсиз сочилиб ётганга ўхшайди. Аслида ҳам шундай. Бироқ бу ерда бошқа тартиб ҳам бор. Унга кўра ҳар бир компания битта кемани бўлаклашни бошлагач, ишни охирига етказмасдан иккинчи кемага қўл урмайди.

Қачонки бўлакларга ажратилаётган кеманинг сўнгги темир парчаси, гайка ва болтлари йиғиштириб олингач, бошқа кемани майдалай бошлашади. Бу ёзилмаган қоида сифатида урфга айланган ва барча бирдай амал қилади.

Бироқ шундай бўлса ҳам бу ерни тоза деб бўлмайди. Атроф бўлакланаётган кемалардан чиқаётган турли чиқиндилар билан тўлиб кетган.

Иш кемани қирғоққа судраб чиқишдан бошланади. Сўнг бир пайтнинг ўзида йирикроқ кемага юзлаб одамлар чиқади ва иш бошлайди. Уларнинг бир қисми кема металларини кесишни бошлайди. Бошқалари болтларни бўшатади. Қолганлар эса металл бўлакларни турли махсус транспортлар билан бир четга тахлай бошлашади.

Ўта йирик кемаларни эса қирғоққа чиқаришнинг иложи бўлмайди. Уларни соҳил томонга таги қумлоқ ерга теккунча тортишади, сўнг “сўйиш”ни бошлашади. Бундай кемаларда бир вақтнинг ўзида 300-400 нафаргача одам ишлайди.

Кемалардан сотиш мумкин бўлган барча нарса, металл, ёғоч, пластмасса бўлаклари ҳамда бошқа буюмлар ажратиб олинади ва алоҳида тахланади. Сотишнинг иложи бўлмайдиган нарсалар чиқиндига ташлаб юборилади.

Алангда 50 километрдан ошиқ ҳудудда 400 дан ортиқ платформа бор. Бу платформаларда кемалар ва улардан олинган йирик металл бўлаклари янада майдароқ бўлакларга бўлинади.

Алангдаги платформаларда бир вақтнинг ўзида 30-40 минг нафаргача одам ишлайди. Йирик кемани тўлиқ бўлаклаш учун 300-400 киши камида бир ой меҳнат қилади.

Алангда йирик кемани бўлаклаш жараёни

Бенгаллар ва покистонликлар билан рақобат

Азалдан Аланг шаҳридаги кема бўлакловчиларга Покистон ва Бангладешдаги компаниялар кескин рақобат қилиб келади. Сўнгги йилларда Ҳиндистон ва Гужорат штати ҳукуматлари экология, меҳнат шароити бўйича турли талабларни кучайтиряпти.

Натижада экологик назорат суст, бунинг устига маош ҳам Ҳиндистондагидан оз бўлган Бангладеш айрим ҳолларда ўзаро рақобатда ютиб кетяпти.

Агар катта ва кичик барча кемалар инобатга олинса, Алангда ҳар йили 1400-1500 дона турли кемалар утилизация қилиниб, бўлакланади. Кейинги йилларда кўрсаткичлар яна ошди.

Алангда барча иш қўлда бажарилади. Бу ерда кемаларнинг қалин металлари оддий пайвандлаш ва кесиш ускуналарида бўлакларга ажратилади. Бу атроф-муҳит ва ишчилар соғлиги учун зарарли.

Қолаверса, кемаларга ишлатилган зарарли материаллар, темир занги, кемалардаги ёқилғи қолдиқлари ишчилар билан бирга атроф-муҳитга жуда катта зиён келтирмоқда.

Шу сабабли нафақат ишчиларнинг иш ва яшаш шароити, шунингдек, кемалар қабристонининг ўзи ҳам экологлар ва бошқа ташкилотлар томонидан доимий танқид қилинади. Бироқ ҳозирча танқидлар натижа бермаяпти.

Айрим ҳолларда истисно ва можароли ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Масалан, 2006 йилда Алангга Францияга тегишли “Клеменсо” авиаташувчиси келтирилади. Бироқ уни соҳилга чиқаришга улгуришмайди.

Ҳиндистон ҳукумати авиаташувчида зарарли моддалар кўп ишлатилган деб топади ва уни Алангда бўлаклашга рухсат бермайди. Кемани сотиб олган ҳинд компанияси бир муддат ҳукумат билан судлашади.

Охир-оқибат, ҳукумат ён бермайди ва мамлакат олий суди узил-кесил “Клеменсо”ни Ҳиндистонга тегишли ҳудудларда бўлаклашни тақиқлайди.

Шундан сўнг ҳинд компанияси кемани сотувга қўяди. “Клеменсо”ни Британиядаги бир компания сотиб олади ва бўлаклаш учун Англияга олиб кетади.

Маълумот учун, 2010 йилда Алангда дунёдаги энг йирик танкер “Knock Nevis” бўлакларга бўлинганди.

Дунёдаги энг йирик танкер Knock Nevis ҳам Алангда бўлакданган.

Оғир меҳнат шароити ва қурбонлар

Ишчилар Алангдаги платформа яқинида жуда оғир шароитларда яшашади. Бу ерда тоза ичимлик суви ва электр энергия муаммоси бор. Тиббий хизмат йўқ. Лекин ишчилар кўпроқ жуда оғир меҳнатдан жабрланишади.

Оғир меҳнат шароити ва техника хавфсизлигига амал қилинмаслиги туфайли Алангда ҳар йили кўплаб ишчилар ҳалок бўлади. Тананинг турли қисмларидан, айниқса қўл ва оёқдан олинадиган доимий жароҳатлар охир-оқибат айримларни ишга яроқсиз ҳолга туширади. Шунда ҳам улар Аланг атрофидаги кулбаларда яшашда давом этишади.

Гужорат штати денгиз маъмуриятининг маълумотига кўра 1982 йилдан 2022 йилгача Алангда қарийб 500 киши ҳалок бўлган. Яна кўплаб инсонлар турли даражада тан жароҳатлари олишган. Уларнинг аксарияти ногирон бўлиб қолган.

Бироқ маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар қурбонлар сони кўп бўлишини, Гужорат штати кемалар утилизацияси ортидан келиб турган яхши фойдадан қуруқ қолмаслик мақсадида ишчиларнинг ўлимини яширишини айтишади.

Масалан, Greenpeace халқаро экология ва Human Rights инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилот ҳисоботларига кўра Алангда ҳар йили оғир меҳнат шароити ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмаслик ортидан 50-60 киши ҳалок бўлади.

Алангда ишчилар оғир шароитларда ишлашга мажбур

Айрим халқаро ташкилотларга кўра, қурбонлар ва тан жароҳатларини олганлар сонининг камайтириб кўрсатилишидан, аввало, у ерда ишловчи оддий ишчиларнинг ўзи манфаатдор.

Чунки қурбонлар сони борича кўрсатилса, марказий ҳукумат Алангдаги платформаларнинг эгаларидан ишлаш учун яхши шароит яратишни талаб қилади. Ҳатто уларни ёпиб қўйиши эҳтимоли ҳам бор.

Агар Алангдаги платформаларнинг бир қисми ёпиладиган бўлса, ўзи шундоқ ҳам Ҳиндистонда иш топиш қийин бўлган шароитда 10 минглаб одамлар ўз ишидан, ҳатто платформа яқинидаги бошпанасидан ҳам айрилиши мумкин.

Агар платформалар ёпилса Алангда яшашдан маъно қолмайди ва ишчилар иш ахтариб бошқа жойга кўчиш керак бўлади. Шу сабабли кимдир иш жараёнида ўлса ишчилар унинг ўлими табиий юз бергани ҳақидаги ҳужжатларга қўл қўйиб беришга мажбур бўлишади.

Алангда иш жуда оғир бўлгани билан меҳнатга ҳақ тўлаш жуда паст. У ерда ишчиларга бажараётган ишининг оғир ёки енгиллигига қараб 1 доллардан 3 долларгача кунлик иш ҳақи тўлашади.

Ишчилар шу пулга кўниб ишлашга мажбур. Чунки бошқа жойларда ҳам уларни бундан кўп ҳақ тўланадиган иш кутаётгани йўқ.

Япония билан ҳамкорлик

Бундан бир неча йил аввал Гужорат штати Япония ҳукумати билан Алангдаги кема бўлаклаш платформаларини модернизация қилиш бўйича келишув имзолади.

Унга кўра, Алангда денгиз соҳили бўйлаб чўзилиб кетган платформаларга янги ускуналар келтирилади. Улар ёрдамида кемаларни бўлаклашда инсон омили камайтирилади.

Японлар техника хавфсизлиги, экология муаммоларини ҳал этиш, сотиб бўлмайдиган чиқиндиларни утилизация қилиш ва бошқа бир қатор масалаларда ёрдам беради. Натижада Алангдаги компаниялар халқаро стандартлар бўйича ишлай бошлайди.

Битимга кўра Аланг Халқаро денгиз ташкилоти талабларига жавоб берадиган, кемаларни утилизация қилиш бўйича дунёдаги энг йирик лойиҳага айланади.

Гужорат штати ҳукумати шу йўл билан Алангнинг сўнгги йилларда бой берилаётган мавқеини тикламоқчи. Чунки кемаларни утилизация қилишдан штат ғазнасига ҳам ҳар йили жуда катта миқдорда маблағ келиб тушади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид