Ўзбекистон | 14:48 / 22.10.2024
11900
5 дақиқада ўқилади

Наркокурерга ёрдамлашган профилактика инспектори узоқ муддатга қамалди

Андижонлик 29 ёшли наркокурер Россиядан турли маиший техника воситалари орасига яширилган ҳолда жўнатилган гиёҳванд воситаларини манзилидан олиб, айтилган жойга етказиб бериш билан шуғулланган. У бу ишда Андижон туман ИИО ФМБ ХПБ профилактика инспектори билан жиноий тил бириктирган. Наркокурер Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинган.

Тошкентда гиёҳванд воситалари савдоси билан шуғулланган шахсга ҳамда бу борада унга ёрдамлашган профилактика инспекторига ҳукм ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 1995 йилда туғилган, Андижон шаҳрида яшовчи Ш.А. гиёҳванд воситаларини бир манзилдан иккинчи манзилга етказиб бериш билан шуғалланиб келган. У Telegram’даги гиёҳванд моддалар онлайн савдоси билан шуғулланадиган канал эгасидан топшириқларни олиб турган. Ш.А. асосан Россия давлатидан турли маиший техникалар ичига беркитилган ҳолда жўнатилган гиёҳванд воситаларини яширилган ёки жўнатилган манзилидан олиб, бошқа жойга етказиб берган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътиборини тортмаслик ҳамда шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғишда ёрдамлашиш учун эса Андижон туман ИИО ФМБ ХПБ профилактика инспектори лавозимида ишлаган, 1991 йилда туғилган И.Т. билан жиноий тил бириктирган.

Жумладан, Ш.А. 2024 йил 29 феврал куни Россиядан Ўзбекистонга иссиқлик печи ичига яширилган ҳолда жўнатилган кўп миқдордаги гиёҳванд воситасини қабул қилиб олган. Сўнгра Telegram’да гиёҳванд моддалар онлайн савдоси билан шуғулланадиган канал эгаси билан алоқани узган З.Ю. ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган ёки ушланмаганини билиш учун И.Т.га сўровнома жўнатган. Профилактика инспектори орқали З.Ю.нинг шахсга доир маълумотларини йиғиб, улардан фойдаланган.

2024 йил 5 март куни соат 17:00 да Ш.А. номаълум шахс томонидан Россиядан Ўзбекистонга контрабанда йўли орқали олиб келинган 4 дона елим идиш ичидаги 356,7 грамм мефедрон моддасини Янгиҳаёт тумани ҳудудида қабул қилаётган пайти тезкор тадбирда ушланган. Тезкор тадбир давомида Ш.А. вақтинчалик яшаётган Яшнобод тумани Элбек кўчасидаги хонадонда келгусида сотиш мақсадида гиёҳванд воситалари сақлаб келаётгани аниқланган.

Профилактика инспектори И.Т. судда айбига қисман иқрорлик билдирган.

Ш.А. билан Андижон шаҳридаги фитнес клубида танишганман. У тез кунда Андижон вилоятига кўп миқдордаги психотроп моддалар жўнатилиши ҳақида маълумот борлигини, хоҳласа айтишини, уларни жиноят устида қўлга олишим мумкинлигини билдирганди. Унинг бу таклифига рози бўлиб, агар ҳақиқатан ҳам маълумотлари ишончли бўладиган бўлса, бу ҳақда ИИБ бошлиғига билдирги билан мурожаат қилиб, тезкор тадбир ўтказишим мумкинлигини айтганман.

Ш.А. гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланишини, шу моддаларнинг сотилишида иштирокчи экани ҳақида умуман гапирмаган. Дастлаб тадбир ҳақида айтганида унга агар бу нарсаларнинг ичида ўзинг ҳам бўладиган бўлсанг, сени ҳам қамашга мажбур бўламан, деганман.

2024 йил феврал ёки март ойида Ш.А. бир аёлнинг шахсига оид маълумотларни Telegram орқали ташлаб, нусха кўчириб беришимни сўради. Ундан бу аёл кимлигини сўраганимда психотроп моддалар савдоси билан шуғулланадиган шахсларга алоқадор бўлиши мумкин, деди. Унга маълумотларни нусха қилиб, қайта ташлаб бердим.

Шундан сўнг 6 март куни уни ички хавфсизлик бўлими ходимлари ИИБга чақирди. Мени Ш.А.га раҳнамолик қилганликда айблашди. Ички хавфсизлик ходимларига бу ишга алоқам йўқлигини билдирганимга қарамай, 12 соат давомида ушлаб, қаматиш ва ҳужжатларни прокуратурага ўтказиб, жиноят иши қўзғатиш билан қўрқитган ҳолда ишдан бўшашим тўғрисида ариза ёздириб олишди. Улар менинг ўзимни ҳам психотроп моддалар истеъмол қилганликда айблашди. Аммо спорт билан шуғулланишимни, таэквондо бўйича Ўзбекистон чемпиони, қора белбоғ соҳиби эканимни айтдим”, деган И.Т. ўз кўрсатмасида.

Суд ҳукми билан Ш.А. Жиноят кодексининг 141-2-моддаси (шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми “а, б” бандлари, 251-1-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) 2-қисми, 25,273-моддаси (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми ва 274-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга 11 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

И.Т. эса Жиноят кодексининг 141-2-моддаси 2-қисмининг “а, б, г” бандлари ва 28,25,273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 10 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.  

Мавзуга оид