Ўзбекистон | 11:40 / 29.03.2019
44651
5 дақиқада ўқилади

Миллий гвардия қўриқлаш бўлинмалари ишининг асосий йўналишлари белгиланади

Фото: milliygvardiya.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг қўриқлаш хизмати бўлинмалари фаолиятини ташкиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатда қайд этилишича: 

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 12 апрелдаги ПҚ-2883-сон «Ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 июндаги 421-сон «Ички ишлар органлари қўриқлаш хизмати фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Қўриқлаш бош бошқармаси ҳамда унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари фаолияти ташкил қилинган;

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 29 январдаги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Қўриқлаш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси таркибига берилган ва уларнинг доимий жойлаштирилган жойи ўзгартиришсиз қолдирилган;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг штатлари ҳисобидан қўриқлаш фаолиятини ташкил этилишига шахсан жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг ўринбосари Қўриқлаш бош бошқармаси бошлиғи лавозими киритилган.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўриқлаш хизмати бўлинмалари фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланади:

давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлашни ташкиллаштириш ҳамда ушбу соҳада давлат сиёсатини амалга ошириш;

давлат қўриқлаш ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш, қўриқлаш бўлинмаларида назорат текширувларини ўтказиш, идоравий қўриқлаш бўлинмалари объектларида ички ва рухсат бериш режимига риоя этилишига доир ишларни назорат қилиш ҳамда мувофиқлаштириш;

қўриқланаётган объектларда ички, рухсат бериш режимлари ва мол-мулк қўриғини, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва бартараф этилишини таъминлаш;

жамоат тартибини сақлаш ва таъминлашга кўмаклашиш, қўриқланадиган объектларда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш;

қўриқлаш фаолиятига замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий этиш, қўриқлаш воситалари ва тизимларини қўллаш соҳасида ягона техник сиёсатни таъминлаш, улардан фойдаланиш устидан самарали назоратни амалга ошириш;

аҳолининг Миллий гвардия қўриқлаш хизматларидан фойдаланишга бўлган қизиқишини оширишга қаратилган ахборот-тушунтириш мазмунидаги чора-тадбирларни амалга ошириш;

қўриқлаш хизмати бўлинмаларининг молия-хўжалик фаолиятини ташкиллаштириш;

қўриқлаш хизмати бўлинмаларининг ташкилий-штат ва кадрлар билан ишлашни амалга ошириш.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра:

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси  ва унинг ҳудудий бўлинмалари (Миллий гвардиянинг қўриқлаш хизмати бўлинмалари) ўз ваколати доирасида давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини шартнома асосида қўриқлашни ташкил этиш ҳамда қўриқлаш фаолияти бўйича давлат сиёсатини (шу жумладан қўриқлаш воситалари ва тизимларини қўллаш соҳасида ягона техник сиёсатни) амалга ошириш, шунингдек давлат қўриқлаш ташкилотлари фаолияти устидан назоратни таъминлашга доир Миллий гвардиянинг вазифаларини амалга оширадиган ваколатли орган ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари қўриқланадиган объектларда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ҳамда жамоат тартибини сақлаш вазифасини амалга оширадилар;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўриқлаш фаолиятининг бошқа турларини ташкил этиш Миллий гвардия билан келишилган ҳолда амалга оширилади, шунингдек қўриқлаш хизматларининг тарифлари (нархлари) Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, уларнинг таркибига кирувчи юридик шахслар, шунингдек бюджет ташкилотлари ўз объектларида рухсат бериш режимини ва мол-мулкларини қўриқлашни таъминлашда – шартнома асосида фақат Миллий гвардиянинг хизматидан фойдаланади;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўриқлаш хизмати – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қўриқлаш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг ҳуқуқ ва бурчлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси таркибига берилган қўриқлаш хизмати бўлинмаларининг ходимлари – Миллий гвардиянинг ходимлари ҳисобланиб, ҳуқуқий мақоми бўйича ички ишлар органлари ходимларига тенглаштирилади, амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган барча имтиёзлар сақланиб қолинади, бепул тиббий хизмат Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тиббиёт муассасалари томонидан амалга оширилади;

Миллий гвардия қўриқлаш хизмати бўлинмалари фаолиятини тартибга солувчи тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингунга қадар Миллий гвардия таркибига берилаётган бўлинмалар учун ички ишлар органлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шу жумладан қўриқлаш фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингунга қадар амалдаги қонун ҳужжатлари амал қилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид