«Директорлар ўз атрофларига қариндошларини йиғиб олган» — Шерматов Қашқадарё мактаблари ҳақида
Қарши шаҳри ҳокимлигида халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва Қашқадарё вилоят ҳокими Зойир Мирзаев иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Йиғилишда халқ таълими бошқармасига янги раҳбар тайинланди. Бу лавозимга шу кунгача Шаҳрисабз шаҳри ҳокими лавозимида ишлаб келган Тўлқин Каримов ўтказилди.
Вилоят ХТБнинг эндиликда собиқ раҳбари Фарҳод Очилов лавозимга шу йилнинг 18 октябрида тайинланган эди.
Қашқадарё ҳокими Зойир Мирзаев бир вақтнинг ўзида ўзининг маслаҳатчиси ҳам бўладиган янги номзодга таъриф берар экан, шундай деди:
«Тўлқин Каримов – муносиб номзод. Табиатан камгап бўлиши мумкин, лекин ўз ишининг ҳақиқий устасидир. Шу боисдан ҳам ушбу лавозимга муносиб кўрилди. Энди ортга чекинмасдан, вилоятда таълим тизимини яхшилаш учун бел боғласа бўлгани».
Йиғилиш давомида ХТВ раҳбари Шерзод Шерматов таълим тизимидаги йўл қўйилган баъзи камчиликларга тўхталиб ўтди.
«Бугун биз мактаблар ва таълим тизимидаги муаммоларни чуқур ўрганаётганимизда объектив томондан қарамоқдамиз, субъектив томонига умуман эътибор қаратмаганмиз. Бунинг таъсирида давлатнинг миллиардлаб пуллари ўзлаштирилиб юборилган. Мактабларда директорлар ўз атрофига қариндошларини йиғиб олган. Таълим сифатига умуман аҳамият қаратмасдан, айрим раҳбарлар таниш-билишчилик асосида қайта-қайта мактабларни таъмирлашга, директорлар жамғармасидаги пулларни ўзлаштиришга уринган», – деди Шерзод Шерматов.
Янги раҳбар ва унинг атрофидаги жамоага биринчи навбатда юқорида санаб ўтган ҳолатларни бартараф этиш лозимлигини вазифа қилиб белгилаган вазир таълим жараёнига ҳуда-беҳуда аралашмаслик кераклигини ҳам таъкидлади.
«Яхшигина ишлаб турган мактаб директорларини ҳадеганда қайта-қайта безовта қилиш керак эмас. Аксинча, ўша мактаб ва ундаги педагогларга озгина эркинлик яратиб беришимиз лозим. Уларнинг ишига аралашар эканмиз, мактабда намунали ишлаб турган раҳбар ёки ўқитувчининг ривожланишига халақит берган бўлиб қоламиз. Ундан кўра, кўрсаткичи ёмон бўлган мактабларга аҳамият қаратиш керак», – деди вазир.
Шерзод Шерматов мактабларда қўшимча маблағ ишлаб топиш йўлларини излаш кераклигига ҳам эътибор қаратди.
«Масалан, дарсдан кейин синфхоналар бўш қолади. Уни қулфлаб ўтираверишдан нима фойда оламиз? Ундан кўра, репетиторлик фаолияти билан шуғулланадиган ўқитувчиларни жалб қилган ҳолда ҳам фойда олса бўлади, ҳам ўша мактабдаги болаларнинг олийгоҳга кириш натижасини оширган бўламиз. Шунингдек, информатика, мажлислар ва спорт залларидан унумли фойдаланиш мумкин», – деди у.
Маълумот ўрнида, вилоят ХТБнинг янги раҳбари Тўлқин Каримов 1973 йилда Шаҳрисабз шаҳрида туғилган. Тошкент Молия институтида таҳсил олган. 2018 йилдан буён Шаҳрисабз шаҳри ҳокими лавозимида ишлаб келаётган эди.
Илёсбек Маҳмудов тайёрлади.
Мавзуга оид
11:02 / 15.12.2024
Тахтиқорача довони автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилди
10:25 / 12.12.2024
Мактабларда қишки таътил 29 декабрдан бошланади
14:47 / 04.12.2024
Германияда мактабга кечиккан ўқувчиларга жарима солиш бошланди
13:56 / 04.12.2024