Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ёзги семестр шу йилдан бошланади, у талабаларга қийинчилик эмас, қўшимча имконият — янги тартиб ҳақида батафсил
Ёзги семестрда ўқиш учун шу йилдан кредит-модул тизимига ўтган ОТМларнинг шу тизимда ўқиётган талабалари ариза бериши мумкин. Бунда талаба фақат ўзи қарздор бўлган фанларни ўқийди ва ўша кредитларни йиғиш учун мос контракт пули тўлайди. Бунинг билан талабанинг курсдан курсга қолмаслиги ва олдингидек бир семестр учун эмас, фақат ўқиётган соатлари учун пул тўлаши имкони бўлади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов Xpress.uz’га берган интервьюсида янги тартиб – ёзги семестр ҳақида маълумот берди.
“Ёзги семестр ҳақидаги янгилик турлича талқин қилинди. “Яна қўшимча пул тўлаш керак бўларкан”, “Талабага қийин бўлади”, деган гап-сўзлар пайдо бўлди. Йўқ, бу – талабага имконият.
Ёзги семестр, яъни 3-семестр мажбурий бўлмайди ва у фақат кредит-модул тизимига ўтган ОТМларнинг шу тизимда ўқиётган талабалари учун жорий этилади”, деди Абдували Холиқов.
Вазирлик расмийсининг сўзларига кўра, бу имкониятни танлаган талаба ҳам вақт, ҳам маблағ жиҳатдан ютади.
“Масалан, 2-курсни тугатган талаба 5та фандан 5 кредитдан жами 25 кредит қарздор бўлди. Яъни, у шу курсдаги 60 кредитдан 25тасини йиға олмади. Талаба шундай вазиятда курсдан қолиб, ўзидан қуйи курсдаги талабалар билан ўқийди ва амалдаги тартиб бўйича қанча кредит қарздор бўлишига қарамай, семестрнинг тўлиқ контракт пулини тўлайди. Масалан, бир ўқув йили 8 млн сўм бўлса, 1 семестр қайта ўқиши учун 4 млн сўм тўлайди.
Ёзги семестрни эса талаба қарздор бўлган кредитлари учун курсдан қолмаслик мақсадида танлаши мумкин. Бунда агар бир йиллик шартнома пули 8 млн сўм бўлса, уни 60га бўламиз: 1 кредитга ўртача 120-130 минг сўмдан тўғри келади ва талаба 10 кредит учун 1 млн 300 минг сўм тўлайди, унинг учун ОТМ ёзги семестрда профессор-ўқитувчини соатбай асосида жалб қилади, сабаби, бу пайтда профессор ўқитувчи таътилда бўлади”, дея маълумот берди Абдували Холиқов.
Унинг қайд этишича, талаба ариза бериши биланоқ ёзги семестр ташкил этилавермайди. Сабаби иккинчи томон, яъни ўқитувчи ҳам таътил пайти келиб, шу талаба учун соатбай ишлашга рози бўлиши керак.
“Ёзги семестр талабага ёзда ўзи қарздор бўлган фанларни ўқиб-ўзлаштириб, янги ўқув йилига қарзсиз ўтиш имкониятини беряпти. Бундан ташқари, агар талаба курсдан қоладиган бўлса ҳам, тўлайдиган контракт пули қисқаряпти. Бу эса иқтисодий томондан ҳам имконият.
Ёзги семестр амалдаги меъёрий ҳужжатларда белгилаб қўйилди. Ҳозир кредит-модул тизимида ўқиётган биринчи курс талабалари мана шу ўқув йили тугаганидан сўнг ўзлари қарздор бўлган фанларни шу тарзда ўзлаштириш учун ОТМга мурожаат қилиши мумкин”, деди Абдували Холиқов.
Шунингдек, Абдували Холиқов бу йилги қабулда магистратура учун бакалаврга мос бўлмаган йўналишга ҳужжат топшириш имкони берилмаслигини ҳам маълум қилди.
Мавзуга оид
14:25 / 31.03.2025
“Қатъий назоратга оламиз” – вазирлик грантларни қайта тақсимлаш жараёни адолатли ўтишини билдирди
12:24 / 18.02.2025
ОТМ битирувчиларини ишга жойлашишига кўмаклашувчи дастур амалга оширилади
10:19 / 15.02.2025
Камбағал оилалар фарзандига ОТМда қўшимча грант ажратилади
13:44 / 11.02.2025