Ўзбекистон | 07:38 / 02.03.2022
14233
2 дақиқада ўқилади

Тошкент маҳаллаларидаги турар жой биноларида расм ва мураллар пайдо бўлади

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкент шаҳар ҳокимлигида “Маҳаллада дув-дув гап: Маҳаллалар деворларидаги расмлар” лойиҳасининг тақдимоти бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар бермоқда.

Янги лойиҳа Тошкентнинг 12 та туманидаги маҳаллаларда жойлашган турар жой бинолари, ижтимоий объектлар, зинапоялар ва бошқа биноларда визуал тимсолларни (расмлар, мураллар, графика ва ҳк.) яратишга бағишланган. 

Қайд этилишича, матбуот анжуманининг мақсади - нафақат саволларга жавоб бериш, балки иштирокчилардан мос келадиган манзиллар, расмларнинг сюжети ва мавзулари, иштирок этиш қоидалари, регламент ва лойиҳанинг бошқа муҳим жиҳатлари юзасидан маслаҳат олиш. 

Маълумот учун, президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида жойлашган Дўстлик маҳалласига ташрифи давомида кўп қаватли уйнинг деворига чизилган “Дўстлик рамзи” муралига эътибор қаратганди.

“Нега ҳамма ёққа шундай қилмайсизлар? Бу мурал ҳам одамнинг кайфиятига ижобий таъсир қилади”, — деган Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев масъуллардан бу каби мураллар қачондан бошланганини сўраган. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бу турдаги деворий мураллар 2021 йилнинг баҳоридан чизила бошланганини таъкидлаган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид