Жаҳон | 14:09 / 25.03.2021
30044
11 дақиқада ўқилади

«Мамлакатда энг кўп ойликни ўқитувчилар олади, талабаларнинг ижара ҳақи эса давлат бўйнида» – Финландияда таҳсил олган бухоролик йигит билан суҳбат

Бир неча йил муқаддам ижтимоий тармоқларда финландиялик ўсмир йигитнинг ўзбек тилида ўзбекистонликларни ўз мамлакатига таклиф этгани қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарган эди. Гарчи, видеомурожаат ҳазил-мутойиба тарзида қилинган бўлса-да, кўпчилик фин йигитининг ўзбек тилидаги бийрон талаффузидан хурсанд бўлди. Эътиборлиси, мазкур ҳолат ўзбекистонликларда Финландияга нисбатан қизиқишни оширди.

«Among youth» жамоасининг навбатдаги меҳмони Финландия пойтахти Хелсинкидаги «Lappeenranta University of Technology»да магистратура босқичида таҳсил олган Суннат Самадов бўлди. У Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган. Ҳозирда банк тизимида фаолият кўрсатмоқда.

– Суҳбатимиз аввалида сиз билан яқинроқ танишиб олсак.

– Аввало, интервью бераётганимдан хурсандлигимни айтиб ўтсам. Ўзим ҳақимда тўхталсам, мактаб ва академик лицейни Бухорода ўқиганман. 2016 йили Тошкент ахборот технологиялари университетининг Телекоммуникация факультети бакалавр босқичини тамомладим. Кейин бир муддат университетимизнинг ўзида лаборатория мудири, сўнг «Innova» компаниясида тармоқ инженери бўлиб хизмат қилдим.

Иш давомида билимларимни ошириш ва хорижга бориб тажриба тўплаш истаги пайдо бўлди. 2017 йилнинг июнь ойида Европа Иттифоқининг «Etasmus Mundus» лойиҳаси доирасидаги PERCCOM (Pervasive Computing and Communications in Sustainable Development) дастури бўйича магистратура босқичига қабул қилиндим. Ушбу магистрлик дастури орқали ҳар бир семестрни Европанинг турли давлатларида ўқишингиз мумкин. Шунга кўра, мен биринчи семестрни Франциядаги «University of Lorraine»да, иккинчи семестрни Хелсинкидаги «Lappeenranta University of Technology»да, учинчи семестрни Швециядаги «Lulea University of Technologies»да ўқидим. Тўртинчи семестр ҳам яна Финландияда давом этган.

– Франция, Финландия ва Швеция давлатларининг тараққиёти омилларини нималарда кўрдингиз?

– Очиғи, бу ҳақда ўзим ҳам жуда кўп ўйлаганман. Баъзида ўзимга «Ўзбекистонни мана шундай ривожланган давлатлар даражасига олиб чиқиш учун нималар қилиш керак?», «Мен бунинг учун нимадир қила оламанми?» каби саволларни бериб тураман. Чунки ҳар бир инсон қаерда бўлмасин, ўзи туғилиб ўсган юрти ҳар жиҳатдан обод бўлишини хоҳлайди...

Ўйлашимча, бу давлатларнинг ривожланиш омилига сабаб – уларнинг ўз мамлакатида сифатли таълим тизимини муваффақиятли йўлга қўя олганида. Буни нафақат ушбу давлатлар, балки қолган бошқа кўплаб ривожланган мамлакатлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Яна қарийб икки йилдан бери яшаб кўрганларимдан – европаликларнинг ўз хизмат вазифасини кичик ходимдан то катта раҳбаргача ҳамма сидқидилдан бажаришга интилиши ҳавасимни келтирган. Бу ҳам, ўз навбатида, таълимга бориб тақалади. Яъни, европаликлар таълим жараёнида ўқувчи онгига ўз хизмат вазифасини виждонан бажаришни сингдира олган.

– Финландиядаги таълим жараёнининг Ўзбекистонда таълимдан қандай фарқли жиҳатлари бор?

– Фикримни билдиришдан олдин Финландия таълим вазирининг сўзларидан иқтибос келтириб ўтаман: «Биз (Финландия)да ўқувчиларга уйга вазифа деярли берилмайди. Болалар, аввало, бола бўлиши ва ҳаётдан завқ олиши учун уларда вақт қолиши керак!..». Бу гаплардан тушуниш мумкинки, финларнинг таълим тизимига бўлган қараши бизникидан тамоман фарқ қилади. Билишимча, бошланғич синф болалари мактабда ўртача ҳафтасига 20 соат вақт сарфлайди ва бу тушлик вақтини ҳам ўз ичига олган.

Эътиборлиси, бу ерда ўқувчилар стандарт тест имтиҳонларини топширишмайди. Бунга жавобан: «биз болаларни имтиҳонга эмас, балки ҳаётга тайёрлаймиз», дейишади. Бундан ташқари, мактаблар рейтинги ҳам тузилмайди. Мактаблар пойтахтда бўладими ё кичик бир ҳудуддами, ҳаммасида бир хил шароит ва жиҳозланишига алоҳида эътибор қаратилади. Ўқувчилар ўртасида ҳам рақобат ривожлантирилмаган, яъни бир ўқувчи бошқасининг баҳосини билмайди.

Менга энг ёқадиган жиҳатлардан бири – ўқитувчиларни одатда ҳеч ким текширмайди. Яъни, ўқитиш методларини танлаш ўқитувчининг ўзига боғлиқ. Албатта, Таълим вазирлиги томонидан ўқитиш дастури тасдиқланган. Аммо у фақат тавсияларни ўз ичига олади.

Шунингдек, Финландияда ўқитувчилик касби энг шарафли ва нуфузли касблардан. Шу боис, бу касбни эгалловчиларга қатъий қўйилган талаблар бор. Аммо ўқитувчининг маоши ҳам шунга яраша. Мамлакатда энг кўп ойликни ўқитувчилар олади, деса ҳам бўлади.

Мана шундай таълим тизими ва ўқитувчиларга эътибор Ўзбекистонда ҳам бўлишини истардим. Ўйлашимча, биздаги энг катта камчиликлардан бири – ўқитувчиларнинг қоғозбозликка «кўмиб» юборилгани ва ана шу қоғозларни текширадиган турли хил ташкилотлардан келувчи «комиссиялар». Очиғи, оиламизда кўпчилик ўқитувчи бўлиб ишлагани учун уларнинг соатлаб вақтини турли ҳисоботлар тайёрлаш, конспектлар ёзиш, журнал тўлдириш ва ҳоказоларга сарфлаб келишини кўриб улғайганман.

Хоҳлардимки, Европада бўлгани каби бизда ҳам ўқитувчилар фақат бор эътиборини дарс ўтишга қаратиши ва энг муҳими, ўз касбини севиб, ундан баҳра олиб яшаши керак.

– Финландияликлар Ўзбекистон ҳақида қандай таассуротга эга?

– Тўғрисини айтсам, финландияликлар мамлакатимиз ҳақида кўп ҳам маълумотга эга эмас. Ўзбекистон деганимда, айтилиши яқин бўлганиданми, кўпинча Афғонистон ёки Покистон билан адаштиришади. Лекин ўзбекча гапира оладиган финлар ҳам бор. Мисол учун ижтимоий тармоқлар орқали фин йигитининг ўзбекча гапириб, ўзбекларни Финландияга таклиф қилган видеоси тарқалган. Бу, албатта, қувонарли ҳолат.

– Финландияда нима кўпроқ ҳайратлантирди?

– Хелсинки пойтахт бўлишига қарамай, шаҳарда аҳоли кўп ҳам зич жойлашмаган. У ўзига хос табиатга эга. Айниқса, ҳар томонлама қулай бўлган жамоат транспорти фаолиятига ҳавасингиз келади.

Хелсинкида мени ғоятда ҳайратлантирган нарса кутубхоналарнинг сони бўлди. Ҳар қадамда кутубхоналар чиқаверади. Улардан ҳамма бирдек исталган вақтда кириб фойдаланиши мумкин. Эътиборлиси, кутубхоналарда барча қулайликлар яратилган. Яъни, қариялардан тортиб боғча болаларигача. Болалар учун алоҳида расмли китоб жавонлари, ўйин майдончаларини деярли барча кутубхоналардан топа оласиз. Ўзим ҳам бўш вақтларимни кутубхонада ўтказишни ёқтирардим.

Хелсинкининг яна бир эътиборли жиҳати – велосипедлар учун махсус йўлакларнинг кўплиги. Бу йўллар минглаб километргача чўзилади. Шаҳар маъмурияти велосипедлар учун махсус йўлакларни кўпайтириб бормоқда. Қизиғи, шаҳарда ҳаво ҳарорати ўн даража совуқ бўлган пайтларда ҳам кўчаларда велоишқибозларни кўплаб учратиш мумкин.

– Финлар характери жиҳатидан қандай халқ ва уларнинг хорижликларга муносабати қандай?

– Финландияда қарийб бир йилдан ортиқ яшаган одам сифатида айтишим мумкинки, финлар жуда ҳам ажойиб халқ. Улар тартиб ва озодаликни яхши кўришади. Ҳаттоки, автобус бекатларида ҳам бир-биридан 1-2 метргача оралиқ масофани сақлаб навбатда туришади.

Шунингдек, улар билан тезда тил топишиш қийин. Финлар кўчада, автобусда бегоналар билан мулоқот қилмайди. Бошида бунга мослашиш осон бўлмаган. Лекин кейин ҳаммаси ўз изига тушиб кетди. Ҳозир кўплаб фин дўстларим бор.

Қолаверса, финландияликлар спорт машғулотлари – хоккей, футбол, велосаёҳат ва баскетболни хуш кўради. Уларнинг яна бир севимли машғулоти бу – финча ҳаммом ёки финча саунага тушиш. Ўйлашимча, мамлакатдаги сауналар сони машиналар сонидан кўпроқ. Билишимча, ҳар бир хонадонда камида битта, ўртача иккитадан ёзги ва қишки сауна мавжуд. Бу ҳам озодаликка интилиш ортидан, деб ҳисоблайман.

Уларнинг хорижликларга бўлган муносабатига келсам, ажнабийларга муносабат умуман олганда яхши шаклланган. Давлатда яшаётган ҳар бир мигрант Финландия фуқаролари эга бўлган деярли барча имтиёзлардан фойдалана олади. Бундан ташқари, чет элликларга бепул фин тили курслари ташкил қилинган.

Қурилишда ишлайдиган бир дўстим айтган эди, хорижий мигрантларга давлат ташкилотларидан келиб, ҳақ-ҳуқуқлари ва турли имтиёзлар тўғрисида маълумотлар бериб борилар экан. Яъни, соатбай иш ҳақи миқдори, дам олиш кунларидаги меҳнат ҳақлари шулар жумласидан.

Финландияга бориш ниятидагиларга маълумот сифатида айтиб ўтсам, ҳамма ерда бўлгани каби бу ерда ҳам юқори маошли ишга жойлашиш учун фин тилини билиш талаб қилинади. Шундай бўлишига қарамай, финларнинг деярли барчаси швед ва инглиз тилида гаплаша олади.

Ўзбекистондек қуёшли ўлка аҳолиси учун бу ерга мослашиш бироз қийинчилик келтириб чиқариши мумкин. Сабаби, қишда кун давомийлиги 3-4 соатгача камаяди. Қуёшнинг чиқиш давомийлиги камлиги боис, витаминларга бой маҳсулотларни истеъмол қилиш жуда зарур.

– Сизнингча, Финландиянинг қандай тажрибаларидан ўрнак олса бўлади?

– Финландия ўз аҳолиси учун юқори ижтимоий ҳимояни таъминлай олган. Хусусан, таълим олиш ва тиббий хизмат бепул. Бундан ташқари, ишсизлик нафақаси, ёш боласи борларга яхши сумма тўланади. Шунинг учун бўлса керак, солиқлар бошқа давлатларга нисбатан баландроқ. Аммо, менинг назаримда, солиқлар юқори бўлиши аҳолининг ижтимоий ҳимоясидан келиб чиқиб ўзини тўлақонли оқлайди.

Қолаверса, талабаларга ҳам катта имтиёзлар берилади. Деярли барча талабаларга стипендия ва ўқиш давридаги ижара ҳақини давлат ўз бўйнига олади. Шу билан бирга, хорижлик талабалар ҳам мазкур имтиёзлардан фойдаланиши мумкин.

– Мутахассислигингизнинг бугунги Ўзбекистон учун муҳимлиги қай даражада деб ўйлайсиз?

– Кейинги йилларда инсон омилининг табиатга таъсири жуда ортиб кетди. Бунинг натижасида глобал исиш жараёни жадаллашяпти, абадий музликлар эрияпти. Турли хил кимёвий чиқиндилар ер майдонларини зарарли ҳолатга келтирмоқда. Бу, ўз навбатида, био хилма-хилликнинг йўқолиб боришига сабаб бўляпти. Афсуски, мана шундай табиат инқирози денгиз сатҳининг кўтарилишини келтириб чиқариб, дунёнинг бир неча юзлаб шаҳарларига катта хавф туғдирмоқда.

Менинг мутахассислигим ахборот технологиялари ёрдамида инсон омилининг атроф-муҳитга бўлган таъсирини камайтиришга йўналтирилган. Масалан, ресурслардан фойдаланишни оптималлаштириш, энергия сарфи ва кимёвий чиқиндиларни камайтириш, аҳолининг бу борадаги саводхонлигини оширишда IT’дан самарали фойдаланиш кабиларни ўз ичига олади. Бугунги кунда дунё бўйлаб бундай мутахассисларга бўлган талаб ортиб бормоқда. Мен бу йўналишда таҳсил олган илк ўзбекистонлик талабалардан бири эканимдан фахрланаман.

Биздаги энг катта экологик муаммолардан бири – Орол денгизи. Фикримча, денгизга сув таъминотини яхшилаш учун суғориш тизимини яхшилашимиз керак. Мамлакатимизда IT технологиялар ёрдамида томчилаб суғориш методи, дронлар орқали экинзорларни кузатиб бориш, ер унумдорлигини ошириш орқали сув сарфини камайтириш бунга мисол бўлиши мумкин. Бундан ташқари, чиқиндиларни саралаб, қайта ишлашни ривожлантириш, логистика ва омборхоналарни оптимал танлаш натижасида ёнилғи сарфини сезиларли даражада камайтириш лозим.

Бугунги кунда бу борадаги бир нечта лойиҳалар устида изланиш олиб боряпман.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид