Ўзбекистон | 18:36 / 13.03.2020
8542
2 дақиқада ўқилади

Мактабгача таълим бўлимлари гуруҳларга ажратилади, тизим ходимларига маош тўлаш такомиллашади - Ҳукумат қарори

1 апрелдан бошлаб туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари ушбу ҳудуддаги мактабгача таълим ташкилотлари сонидан келиб чиқиб гуруҳларга ажратилади ва шу асосда мактабгача таълим тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби такомиллаштирилади

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат мактабгача таълим тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат мактабгача таълим тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартибини такомиллаштириш, келгусида мактабгача таълимни бошқариш самарадорлигини янада ошириш мақсадида қабул қилинди.

Мактабгача таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2020 йил 1 апрелдан бошлаб туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимларини ушбу ҳудуддаги мактабгача таълим ташкилотлари сонидан келиб чиқиб, қуйидаги гуруҳларга ажратиш ва шу асосда мактабгача таълим тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисидаги таклифи маъқулланди:

1-гуруҳ - 41 ва ундан ортиқ мактабгача таълим ташкилотлари бўлганда;

2-гуруҳ - 21-40 мактабгача таълим ташкилотлари бўлганда;

3-гуруҳ - 20тагача мактабгача таълим ташкилотлари бўлганда.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ҳам ўзгартиришлар киритилди.

Мактабгача таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштириши белгиланди. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид