Жаҳон | 08:43 / 02.01.2016
14169
1 дақиқада ўқилади

Эрдўған маъмурияти унинг Гитлер Германияси ҳақидаги сўзларига изоҳ берди

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маъмурияти Гитлер замонидаги Германияни кучли ижрочи ҳокимиятга эга давлат тизимига мисол қилиб келтирганда, Гитлер ҳукуматини қўллаб-қувватламаганини айтди, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги.

Аввалроқ Эрдўған Гитлер Германиясини самарали президент тизимига мисол деб айтгани маълум қилинганди.

“Парламент ёки президент тизими, фожиа билан тугайдиган ёмон қонунлар, агар тизим нотўғри бошқарилса Гитлер Германиясидаги каби пайдо бўлиши мумкин. Президентнинг гапларини Гитлер Германияси ҳақидаги ижобий фикр деб ҳисобламаслик керак”, дейилмоқда Эрдўған маъмуриятида.

Эрдўған маъмуриятида таъкидланишича, Эрдўған Германиянинг бу даврдаги тарихини исталган сиёсий тизимда “ёмон тузум” вужудга келишини тушунтириш учун салбий мисол сифатида келтирган.