Жаҳон | 08:49 / 04.01.2016
6611
1 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони ТИВ раҳбари Эрон билан дипломатик алоқалар бузилганини маълум қилди

Саудия Арабистони ТИВ раҳбари Абдул ал-Жубайр қиролликнинг Эрон билан дипломатик алоқалари бузилаётганини маълум қилди, дея хабар бермоқда «Ал-Арабия» телеканали.
Телеканалнинг қироллик ташқи ишлар вазирлигига асосланиб хабар қилишича, Саудия Арабистони Эрондаги дипломатик миссиядан 48 соат ичида мамлакатни тарк этишни сўраган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Саудия Арабистони Эронга қироллик хавфсизлигига раҳна солишга имкон туғдирмаслигини маълум қилган. Хабарларда келтирилишича, бундай қарор намойишчиларнинг Теҳрондаги Саудия Арабистони элчихонасига ҳужум уюштирганидан сўнг қабул қилинган.

Саудия Арабистони ИИВ терроризмда айбланган 47 киши устидан отув йўли билан ўлим жазоси ижро этилганини эълон қилган эди. Улар орасида шиялар етакчиси Нимр ан-Нимр ҳам бўлган. 3 январь куни эса намойишчилар Теҳрондаги Саудия Арабистони элчихонасига ҳужум уюштиришди. Қайд этилишича, улар бинога ўт қўйиб, талон-тарож қилишган. Ҳужумдан сўнг полиция қирққа яқин кишини қамоққа олган.