Спорт | 18:18 / 07.01.2016
5069
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Муллажонов Шаржанинг «Аш-Шаъб» клубига ўтди

Сўнги бир ярим мавсум давомида Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси сафида тўп сурган Шавкат Муллажонов кеча, 6 январь куни, Шаржанинг “Аш-Шаъб” клуби билан шартнома имзолади. 30 ёшли марказий ҳимоячи БАА чемпионатининг иккинчи қисмида энди шаржаликлар таркибида ҳаракат қилади. Бу ҳақда футболчининг агенти Санъат Шариповга асосланган ҳолда stadion.uz нашри хабар тарқатган.

Италиялик машҳур собиқ дарвозабон Вальтер Дзенга бош мураббийлигидаги “Аш-Шаъб” Муллажоновнинг ҳисоб бўйича тўртинчи хорижий клубидир. У бунгача Қатарнинг “Ал-Аҳли” (2010/2011нинг 2-ярми, 2011/2012), Саудия Арабистонининг “Ал-Наср” (2012/2013нинг 1-ярми) ҳамда Хитойнинг “Ляонинь Вувин” (2013) жамоаларида ўйнаган.

"Ўйлаб қарасам, охирги бор майдонга 25 сентябрь куни тушган эканман. Бу воқеага уч ойдан ортиқ вақт бўлибди. Иккинчи даврада, маълум сабабларга кўра, мен “Локомотив”да ўйин амалиётисиз қолиб кетдим. Янги мавсум бошланишига ҳам ҳали яна икки ой бор. Орада ушбу катта бўшлиқ пайдо бўлгани учун ҳам мен, гарчи “Аш-Шаъб” лигада қолиш учун курашаётган аутсайдерлардан бўлса-да, араблар таклифига розилик билдирдим. Менга айни дамда ўйин амалиёти ҳамда мусобақалашув жараёни жудаям зарур эди. Эътибор берсангиз, мени, гарчи “темирйўлчилар” сафида мавсум сўнгида аксарият вақтимни захира ўриндиғида ўтказган бўлсам-да, миллий терма жамоамизга мунтазам равишда чақираверишди", дейди футболчининг ўзи.

Унинг агенти Санъат Шарипов ҳам айни шароитда Муллажоновга расмий учрашувлар айни муддаолигини таъкидлади.

"Шавкат Муллажонов катта тажрибага эга ҳимоячи. У мудофаанинг марказида ҳам, ўнг қанотда ҳам бемалол тўп сура олади. Ўзбекистон терма жамоаси рўйхатидан ҳамиша ўрин олувчи футболчилардан. “Аш-Шаъб”ни олдинда кучлилар сафида жон сақлаб қолиш учун кечадиган аёвсиз кураш кутиб турибди. Айнан шундай баҳсларда Шавкат бу ерда катта синовдан ўтади. Бу ҳолат у учун қўшимча имконият: агар шу ярим йил мобайнида у ўзини яхши тарафдан кўрсата олса, келгуси мавсумни ҳимоячимиз баландроқ даражадаги бошқа клубда бошлаши мумкин. Бу эса Муллажонов ўз-ўзидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафидаги муқим ўрнини яқин орада яна ўзида ушлаб қолиши эҳтимоли катталашади дегани. Ният қиламизки, нима бўлганда ҳам, бу ўзгариш терма жамоамиз манфаатига хизмат қилади", дейди у.

Маълумот учун, 2013/2014 йиллардаги мавсумнинг иккинчи ярмида “Аш-Шаъб” шарафини ўзбекистонлик бошқа бир футболчи Ойбек Қиличев ҳам ҳимоя қилганди.