Ўзбекистон | 17:07 / 08.01.2016
9586
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик мутахассислар россиялик ҳамкасблари билан фототузоқлар қўллаш бўйича тажриба алмашишди

Россия қўриқхоналари ва миллий боғларида камёб жониворлар популяциясини баҳолашда фотомониторингдан фойдаланиш тажрибасини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон мутахассислари россиялик ҳамкасблари билан тажриба алмашди. Бу ҳақда республика давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига таянган ҳолда Sputnik агентлиги хабар бермоқда.

Бухоро вилоятидаги “Жайрон” экомарказида Ёввойи жониворларни сақлаб қолиш жамиятининг (WCS) Россияда Амур йўлбарси ва Узоқ Шарқ қоплонини сақлаб қолиш бўйича бўйича дастури ходимлари фототузоқлар қўллаш бўйича семинар-тренинг ўтказишди. Экспертлар Россияда тўпланган тажриба асосида Ўзбекистон қўриқхоналари ва миллий боғлари ходимларига фототузоқлари билан ишлаш принциплари ҳақида маълумот берди.

Фотомониторинг жониворлар популяциясини ададига баҳо беришнинг методларидан бири бўлиб, қиш фаслида қордаги излар бўйича баҳолаш методидан кўра самаралироқ ва замонавий услуб сифатида унинг ўрнини эгаллаб бормоқда. 2013 йилдан буён WCS’нинг Россия ваколатхонаси ва Panthera фонди кўмагида Ҳисор қўриқхонаси ўрмончиларидан иборат гуруҳ Ўзбекистонда биринчи марта фототузоқлар воситасида қўриқхонадаги ёввойи жониворларнинг ададини рўйхатга олган эди.

Айни пайтда Ўзбекистонда 8та қўриқхона, 2та миллий табиий боғлар, 9та давлат заказниклари ишламоқда, уларнинг умумий майдони 2.2 минг кв км ни ташкил қилади. Шунингдек, ёввойи жониворларни етиштириш бўйича “Жайрон” халқаро экомаркази ишлаб турибди. Ўзбекистон Қизил китобига 184 турдаги жонивор, шу жумладан, 48 турдаги қушлар ва 25 турдаги сут эмизувчилар киритилган.