Спорт | 08:05 / 08.01.2016
3830
1 дақиқада ўқилади

Платини ФИФА президентлиги учун сайловдан ўз номзодини қайтариб олди

Футбол фаолиятидан 8 йилга четлаштирилган УЕФА раҳбари Мишель Платини ФИФА президентлиги учун сайловдан ечиб олишга қарор қилди. Бу ҳақда L'Equipe нашри хабар тарқатган.

Нашрга берган интервьюсида Платини сайловда иштирок этиш учун имконияти қолмагани ва ўз номзодини сайловдан ечишга қарор қилганини билдирган.

"Менда сайловчилар билан учрашиш ҳамда рақибларга қарши кураш олиб бориш учун вақт ҳам, имконият ҳам йўқ. Ўз номзодимни қайтариб оламан ва менга қилиниши мумкин бўлган бошқа айбловлардан қутиламан", дейди у.

ФИФАнинг янги президенти 26 февраль куни Цюрихда бўлиб ўтадиган сайловдан кейин аниқланади.
Сайлов учун 5 кишининг номзоди рўйхатга олинган. Улар: шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа, Жанни Инфантино, Иордания шаҳзодаси Али бин ал-Ҳусайн, ФИФА бош котибининг собиқ ўринбосари ва ЖАРлик футбол амалдори Токио Сексвале ва Жером Шампань.