Жаҳон | 15:05 / 09.01.2016
11719
1 дақиқада ўқилади

Дания камерунлик талабани ўта меҳнатчанлиги туфайли ватанига қайтариб юборди

Дания ҳукумати Орхусс университети талабаси, камерунлик Мариус Юбини ортиқ даражада меҳнаткашлиги боис ўз юртига қайтариб юборди, деб хабар беради The Guardian нашри.

30 ёшли йигит бўш вақтида фаррошлик қиларди. Аммо охирги бир неча ой мобайнида у бир ҳафта учун белгиланган муддатдан 90 дақиқа кўпроқ ишлаб келаётган эди. Дания меҳнат қонунчилигига кўра, чет эллик талабалар ҳафтасига 15 соатдан ортиқ ишлаши мумкин эмас.

Юби 7 январь куни уйига қайтиб кетди. Орхусс университети раҳбарияти бу жазонинг ортиқ даражада қаттиққўл бўлганини, талаба ўқиш пулини вақтида тўлаб келганини таъкидлаб ўтди.

Юби университетнинг энг яхши талабаларидан бири бўлганлиги эътироф этилмоқда. Мамлакатдан чиқариб юборилишидан олдин унга имтиҳон топширишга рухсат берилган. Юби бир кун ичида учта назорат иши ёзиб, энг яхши натижани кўрсатган.