Иқтисодиёт | 23:18 / 13.01.2016
8840
2 дақиқада ўқилади

Путин: Бозордаги қулаш - кескин ўзгаришлар учун баҳона бўлмайди

Россия президенти Владимир Путин ҳукуматни нефть хомашёси ва фонд биржаларидаги воқеалар ривожланишини диққат билан кузатишга ҳамда бу воқеалар таъсирида Россия иқтисодида юз бериши мумкин бўлган эҳтимолларни назарда тутишга чақирди. Бу ҳақда "РИА Новости" нашри хабар қилган.

"Биз воқеаларнинг исталган йўналишда ривожланишига тайёр туришимиз керак. Мен биламан, ҳукумат айни вақтда бу борада керакли таҳлилий ишларни олиб бормоқда. Диққатингизни шунга қаратмоқчиманки, бу масалалар ўта фавқулодда аҳамиятга эга. Биз хомашё бозори ва фонд биржаларидаги жараённинг исталган йўналишда ривожланишига тайёр туришимиз керак ва шунга мос сценарийларни тузишимиз керак", дея талаб қилган Путин.

Унинг қайд этишича, "бу воқеалар ниманидир дарҳол ўзгартириш керак", дегани эмас. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат бу вазиятда ўзини ўта профессионал тарзда тутиши керак.

"Биз вазият яхшиланишига умид қиламиз. Лекин ҳамиша воқеаларнинг исталган томонга бурилишига тайёр туришимиз керак", дея таъкидлаган Россия президенти.

Бундан олдинроқ, Россия бош вазири иқтисодий вазиятнинг ёмонлашишига тайёрланишни маслаҳат берганди.

Россия молия вазири, агар бюджет янги шароитга мослаштирилмаса, 1998 йил такрорланишини башорат қилди