Спорт | 19:34 / 15.01.2016
15424
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон - Жанубий Корея ўйинини бошқарган ҳакам борасида ОФКга мурожаат қилинди

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси томонидан ҳакам Фаҳад ал Мирдасий борасида Осиё футбол конфедерациясига мурожаат бўлди.

Ушбу ҳакам Ўзбекистон - Жанубий Корея ўйинини бошқарган ва бир неча бор қўпол хатоларга йўл қўйган эди.

Uff.uz мухбирининг хабар қилишича, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси томонидан билдирилган мурожаатда ҳакам Жанубий Кореяга қарши кечган учрашувда бир қатор вазиятларда нотўғри қарор қабул қилгани айтилган ва мусобақа якунига қадар ушбу ҳакам Ўзбекистон иштирокидаги ўйинларни бошқармаслиги сўралган. Хусусан мурожаатда қуйидагича фикр билдирилади.

"Бундай ҳакамлик ОФКнинг обрўйига мос келмайди деб ҳисоблаймиз. Ўйин тасвири қайта кўриб чиқилгач, шундай хулосага келдикки, айрим вазиятларда ҳакам Ўзбекистон олимпия терма жамоаси зарарига нотўғри қарор қабул қилган. Бунинг натижасида Ўзбекистоннинг бир қатор ОАВида норозилик билдирилди ва мухлислар ўртасида Осиё футболи борасида салбий фикрлар пайдо бўлмоқда.

Шу сабабга кўра, Ўзбекистон - Жанубий Корея ўйинини бошқарган ҳакам мусобақа якунига қадар Ўзбекистон олимпия терма жамоаси иштирокидаги ўйинларга тайинланмаслигини сўраймиз".

Эслатиб ўтамиз, саудия арабистонилик ҳакам Фаҳад ал Мирдасий Ўзбекистон - Жанубий Корея ўйини учун жуда паст ҳисобланадиган 4 баҳо олган. Аммо бу маълумот расмий тасдиғини топганича йўқ.

Зафар ҚОСИМОВ, Доҳа