Иқтисодиёт | 08:07 / 16.01.2016
2939
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Колумбия ривожи учун 1,5 миллиард долларга яқин маблағ ажратади

Жаҳон банки жорий йилда Колумбия ҳукуматига 1,4 миллиард АҚШ доллари ажратади ва Колумбия ҳукуматидан мувофиқ талабнома келиб тушса, мазкур маблағни ошириш имкониятини кўриб чиқади, дея хабар қилмоқда РИА «Новости».

“Бир неча йил олдин Жаҳон банкининг Колумбиядаги лойиҳаларига 150 миллион доллар ажратилган эди, бироқ жорий йилда бу кўрсаткич 1,4 миллиард долларни ташкил қилди.

Кўпроқ ҳажмдаги воситалар талаб этилса, ҳукуматнинг бу маблағни ошириш бўйича талабномасини кўриб чиқишга тайёрмиз”, - дея баён қилган Жаҳон банки президенти Ён Ким.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат ва “Колумбия инқилобий қуролли кучлари” гуруҳи ўртасида тинчлик битимининг имзоланиши ярим аср давомида қуролланган ички можародан азият чеккан мамлакатда “ривожланиш ва гуллаб-яшнаш” даврининг ибтидосига айланади.

Ҳукуматнинг 6 миллион кишининг қашшоқлик чегарасида яшамаслигига эришиши, аҳолининг ярмидан ортиғини ўрта синф ташкил этиши катта муваффақиятдан далолат беради.

Жаҳон банки президенти Колумбияни Лотин Америкасидаги энг кучли иқтисодиётлардан бирига айлантирган Колумбия ҳукумати ҳаракатларини алоҳида қайд этди. Нефтнинг жаҳон бозоридаги нарҳи тушиб бораётганлигига қармай, мамлакатда иқтисодий ўсиш сақланмоқда.

Битим имзоланишидан бевосита фойдага эга бўладиган асосий тармоқлар - қишлоқ хўжалиги ва туризм. Жим Ён Ким қуролли можаронинг барҳам топиши Колумбияга бевосита хорижий инвестициялар оқими ортишига сабаб бўлишини қайд этган.