Иқтисодиёт | 08:52 / 16.01.2016
4321
2 дақиқада ўқилади

Шоҳтепа конида 350 миллион кубметрдан ортиқ газ қазиб олинди

Ўзбекистоннинг шимолий-ғарбида жойлашган Шоҳтепа конидан газ қазиб олиш 2015 йилда 350 миллион кубметрдан ортиқни ташкил этди, бу эса ўтган йилги ишлаб чиқариш ҳажмидан 20 млн м³ га ортиқ. Бу ҳақида Gazprom International хабар бермоқда.

2015 йил давомида Gazprom International мутахассислари кондаги амалдаги қудуқлар фондини 24тага етказишди; бир кунлик қазиб олиш 1 миллион кубметрдан ошди.

2004 йилдан бери кондаги умумий жамланган қазиб олиш бугунги кунда 3,2 миллиард кубметрдан ошди.

Шоҳтепа – Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот тумани ҳудудидаги Устюрт платосининг жанубий-шарқий қисмида жойлашган газ конидир. Кон 1962 йилда очилган. 1971 йилдан 2002 йилгача бўлган эксплуатация даври мобайнида кондан 36,5 миллиард кубметр газ қазиб олинган, бу эса дастлаб тасдиқланган захиранинг 79 фоизини ташкил этади. Ҳозирда Шоҳтепа газ қазилмалари захираси тахминан 8 миллард кубметр дея баҳоланяпти.

Шоҳтепани қайта таъмирлаш - Ўзбекистон Республикасидаги Gazprom International’нинг синов лойиҳаси, у 2004 йилда 15 йил муддатга имзоланган Битимнинг маҳсулотлар бўлими шартлари асосида амалга оширилмоқда.

2004 йилдан бошлаб, лицензия доирасида коннинг тўртта самарали қатламларида қудуқларни капитал таъмирлаш ва хом-ашё қазиб олиш ишлари олиб борилмоқда.

Шоҳтепада қазиб олинган газ «Каракалпакская» компрессор станцияси, ундан кейин Ўрта Осиё Марказ газ қувури бўйлаб истеъмолчиларга етказилади.