Спорт | 12:46 / 19.01.2016
4070
2 дақиқада ўқилади

Кураш халқаро ассоциацияси 2015 йилнинг энг яхшиларини эълон қилди

Кураш халқаро ассоциацияси веб-сайтида 2015 йил якунларига кўра турли номинациялар бўйича йилнинг энг яхшилари эълон қилинди.

Жумладан, Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида ўтказилган Осиё олимпия кенгашининг Бош ассамблеясида кураш 2018 йили Индонезияда ташкил этиладиган XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилгани Кураш халқаро ассоциацияси томонидан “Йилнинг энг яхши воқеаси” деб топилди.

Энди кураш бир йўла учта нуфузли мусобақа – 2016 йили Вьетнамда ўтказиладиган Осиё соҳил ўйинлари, 2017 йили Туркманистонда бўладиган ёпиқ иншоотларда ва жанговар яккакурашлар бўйича Осиё ўйинлари ҳамда 2018 йилги ёзги Осиё ўйинлари дастуридан жой олди.

Эронда ўтказилган кураш бўйича Х жаҳон чемпионати “Энг яхши чемпионат” деб топилди. Мазкур нуфузли мусобақада элликдан зиёд мамлакатдан икки юздан ортиқ полвон ғолиблик учун беллашди.

Чемпионатда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган полвонларимиз 5 олтин, 4 кумуш ва 2 бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Мусобақада вазни 73 килограммгача бўлган полвонлар беллашувида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган Давлат Абраев “Йилнинг энг яхши курашчиси”, чемпионатга полвонларни пухта тайёрлаган терма жамоамиз бош мураббийи Мурод Дўсимбетов “Йилнинг энг яхши мураббийи” бўлди.

Жанубий Африка Республикасидан Галакси Экшон “Йилнинг энг яхши аёл курашчиси”, вьетнамлик Хок Туан Нгайен “Йилнинг энг яхши ҳаками”, Ҳиндистон кураш ассоциацияси “Энг яхши миллий федерация”, Европа кураш конфедерацияси “Энг яхши қитъа федерацияси”, Доминикан Республикасида ўтказилган Кураш ойлиги “Энг яхши ташаббус”, деб топилган.