Спорт | 12:04 / 19.01.2016
11066
5 дақиқада ўқилади

Мухлислар номидан Ўзбекистон ОТЖ футболчилари ва мураббийлар штабига Яманга қарши ўйиндан олдин мурожаат қилинди

Ўзбекистонлик мухлислар номидан Қатардаги U23 Осиё чемпионатида муваффақиятсизликка учраган ва 2016 йилги Рио-де-Жанейро олимпиадасидан қуруқ қолган ўзбекистонлик олимпиячилар ва жамоанинг мураббийлар штабига қаратилган мурожаат билан чиқишди. Бу нома uff.uz сайтига жойлаштирилган.

Қуйида бу мурожаат матни тўла сақланган ҳолда ҳавола этилади.

Ҳурматли, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси футболчилари ва мураббийлар штаби!

Аввалги икки ўйиндаги ҳаяжонлар босилиб, юзага келган нафрат ортга чекиниб, реаллик сари тобора яқинлашяпсиз ва яқинлашяпмиз. Аслида нима қилиб қўйганингизни секин-аста энди англай бошлайсиз...

Бугун гуруҳнинг учинчи - сизлар учун эса, охирги ўйинида майдонга тушасиз. Шу билан Тошкентга қайтасиз. Яна ҳаёт ўз изида давом этади. Олимпия термасининг муваффаққиятсизлигидан оддий ишқибоз ўлиб қолмайди ёки шу билан ҳаёт тўхтаб қолмайди. Нимаики қилган бўлсангиз - барчаси ўзингиз учун, шахсий обрўингиз учун қилдингиз. Энди шу эккан "дарахтингиз"нинг мевасини ўзингиз оласиз.

Балки, қайсиларингизгадир миллий терма жамоа эшиклари бутунлай ёпилар. Кимнинг номи шу билан эсдан чиқар, мухлислар бошқа эсламас. Бахти чопганлар миллий термадан таклиф олар... Лекин, буларнинг барчаси энди келажакда. Ҳеч бирингизга мамлакатимизнинг бош жамоасидан муқаррар жой кафолатланмаган.

Бугун Яман билан ўйнайсиз.

Уларни, йирик ҳисобда ютиб қўйманг. Кераксиз голларни ҳеч ким қабул қила олмайди. Сизнинг вазиятингизда ЭНГ тўғри иш - бугун чиройли ўйнаш!

Йўқ, голларни қаторлаштириш шартмас. Битта нарсани илтимос қиламиз: шеригингизга тўғри узатма ("пас") беринг. Сизлар ҳаттоки оддий тўғри "пас" ташлашни билмаслигингизни ҳамма кўрди. Укажонлар, бугун фақат бир-бирингизга тўғри узатма беринг. Ортиғини бизга керакмас.

Ҳозирги замонавий футбол шуни кўрсатяптики, майдонга ақлли футболчилар тушиши керак.

Майдонда Фабрегас, Модрич, Пирло, Иньеста, Ўзил каби фикрланг. Шеригингизга АНИҚ узатма беришни ўрганинг. Гол ўз-ўзидан келади. Ҳа, гол ўз-ўзидан келади.

Футбол жудаям оддий ўйин. Биласизми, қайси баскетбол жамоаси ғалаба қозонади? Шерикларига тўпни қўли билан аниқ отиб берадиган жамоа ҳамиша ғолиб чиқади. Футболда ҳам шундай. Оёғингиз билан узатмани тўғри беринг. Бўлди!

Агар, шуни ҳам эплай олмасангиз - футболдан кетинг. Йиққан пулларингизни тадбиркорликка йўналтиринг. Тирикчилигингиз ўтади. Футболни ташланг, ўрнингизни аниқ "пас" берадиганларга бўшатинг.

Яна бир жиҳат: бу мураббийларнинг хатоси - катта мусобақа пайтида интернет ва ҳар хил ижтимоий тармоқларни унутинг. У ерларга кирманг! Хаёлингиз тайёргарлик ва ўйинда бўлсин. Фақат ота-онангиз билан мулоқот учун интернетдан фойдаланинг.

Мураббийлар штаби, сизни бу нарсадан чекламасдан хато қилди.

Мураббийлар штабига шуни маълум қиламиз: бугун асосий таркибда Темур Ҳакимовни туширинг! Игорь Сергеевдан сардорликни олинг! Бошқа футболчига беринг, сардорликни. Юлдузлик касалиги чалинган футболчиларни кўрдик.

Голливуд актёри Мел Гибсон ўйнаган "Шерюрак" фильмини яхши биласиз. Уильям Уоллес шотландияликларга "Сиз ҳозир кетиб, балки ўлмай қоларсиз. Маълум муддатгача. Аммо, бир кун келиб, ўз умрингиз билан ўлаётган пайтингизда тўшакда ётиб - шу кун учун бутун яшаган умрингизни беришга рози бўласиз. Ҳа, агар имкон бўлганда ўша кунга қайтиб, инглизларни яксон қилардингиз - ҳозирга ўхшаб "тумтарақай" қочмасдингиз", дейди.

Сизда ҳам тахминан шундай бўлади. Аминмизки, вақт ўтиб мана шу икки ўйинни (Жанубий Корея ва Ироқ) қайтаришни жуда-жуда истайсиз ва шундай бўлганда уларнинг ер тишлатишга тайёр бўласиз. Шу ўйинлар қайтганида бошқача ўйнардингиз, ишонаверинг. Аммо...

Аммо, энди кеч бўлди. Бу гапларни сизга мураббийлар штаби Ироққа қарши ўйин олдидан айтиши керак эди.

Олдингизда, сал бўлса ҳам номингизни оқлайдиган ва енгил нафас олиб, юртингизга қайтадиган кичкинагина "имконча" бор. Бу - бугун Яманни чиройли қилиб ютиш! Катта ҳисоб бўлиши шартмас. Шунчаки, тўғри "пас" бериб, голлар уринг. Ортиғи бизга керакмас. Мухлислар ҳаммасини унутишади ва сизни яна севиб қолишади.

Бу гаплардан қанчалик хулоса чиқарасиз - бу сизнинг ишингиз. Сизсиз ҳам мухлиснинг ҳаёти давом этади.

Боринг, Яманни ҳеч бўлмаса ўзингиз ҳамда яқинларингиз иснодда қолмаслиги учун ютиб беринг!

Чиройли қилиб!

Лозим топсангиз, матбуотда узр сўраб қўйинг!