Иқтисодиёт | 22:04 / 19.01.2016
6839
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2015 йилда 15,3 триллион сўмдан ортиқроқ енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди

Ўзбекистонда 2015 йилнинг 12 ойида енгил саноатнинг ривожланиши якунлари эълон қилинди.

Фаолият юритаётган саноат корхоналарини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтириш ва рақобатбардошлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган чоралар енгил саноат тармоғининг янада ривожланишини таъминланмоқда ва тармоқ корхоналари томонидан 2015 йилнинг январь-декабрида 15318,1 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ҳамда 2014 йилнинг тегишли даврига нисбатан ўсиш 116,6 фоизни ташкил қилди. Тармоқнинг жами саноат ҳажмидаги улуши 16,7 фоизга етди (2014 йил январь-декабрида – 15,5 фоиз).

Ҳисобот даврида, республика тўқимачилик саноати корхоналари томонидан 8938,9 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, бу 2014 йилнинг январь-декабрига нисбатан 112,1 фоизни ташкил қилди. Шу жумладан, ипакчилик саноатида – 110,4 фоиз, пахта тозалаш саноатида – 107,0 фоиз, ип-газлама саноатида – 122,7 фоиз, трикотаж саноатида – 113,5 фоиз.

Шу билан биргаликда, маҳсулот ишлаб чиқариш ўтган йилга нисбатан тикувчилик саноатида – 18,9 фоизга, чарм-пойабзал саноатида – 22,0 фоизга ўсгани қайд қилинди.

Ҳудудлар кесимида енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг катта қисми Тошкент шаҳри (тармоқнинг республикадаги ҳажмига нисбатан 14,1 фоиз), Андижон (11,7 фоиз) , Фарғона (11,7 фоиз) ва Самарқанд (9,1 фоиз) вилоятлари корхоналари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Кичик тадбиркорлик фаолиятининг ҳар тарафлама қўллаб–қувватланиши натижасида, енгил саноатда ҳам кичик бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажмининг кескин ўсишига эришилди. Жумладан, кичик бизнес субъектлари томонидан ҳисобот даврида 2014 йилнинг 12 ойига нисбатан ишлаб чиқариш ҳажми 24,7 фоизга ошди ҳамда улар маҳсулотининг тармоқдаги улуши 59,3 фоизни ташкил қилди.

Ҳозирги кунда республикада 8904та енгил саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда, улардан 3476таси тўқимачилик, 4684таси тикувчилик ҳамда 712таси чарм-пойабзал йўналишидаги корхоналар ҳисобланади. 2015 йилда 1130та енгил саноат корхоналари янгидан ташкил этилди.