Спорт | 11:09 / 21.01.2016
6318
2 дақиқада ўқилади

Сайфиддин Эрматов: "Ўзбекистон ОТЖни Нуралиев бошқариши керак эди"

Ўзбекистонлик собиқ ҳакам, айни пайтда назоратчи бўлиб ишлаётган Сайфиддин Эрматов олимпия терма жамоаси ҳақида ўз фикрларини билдирди.

"Олимпия терма жамоасининг мағлубиятлари кайфиятимизни тушириб юборди. Уларнинг кўрсатган ўйинларига сира ҳам тушуна олмадим. Бизга ғолиблик руҳи етишмади. Бунинг устига январда мавсум ҳали бошланмагани учун ҳам йигитларимиз мусобақага яхши тайёрлана олмадилар. Бизда жуда кўп "брак" тўп узатишлар бўлди.

Одатда отни кечувда алмаштиришмайди деб бежизга айтишмайди. Албатта, раҳбариятнинг ишига аралашмайман. Лекин бу ёшдаги футболчилар билан олдиндан ишлаётган мураббийларнинг ҳеч йўғи биттасини олиб қолиш керак эди. Масалан, Дилшод Нуралиевга жамоани топширишса яхши бўларди. У футболчиларнинг имкониятларини, уларнинг паст-баландликларини бошқалардан кўра яхши биларди. Мураббийлар алмашганидан кейин улар таркибни янгилаб юбориб тўғри иш қилишмади. Поезд кетиб бўлди, энди кейинги Олимпиадага тайёрланиш керак. Биз учун орқага йўл йўқ. Миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқишини уддалаши шарт, - дейди Сайфиддин Эрматов "Футбол Экспресс" газетасига берган интервьюсида.