Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ХВЖ ижрочи директори лавозими учун номзодларни саралаш бошланди
Халқаро Валюта Жамғармаси (ХВЖ) ижрочи директори Кристин Лагарднинг ваколатлари шу йилнинг 5 июль куни ниҳоясига етади.
Шу сабабли ижрочи директорлика номзодларни танлаш жараёни бошланди. Тахлилчиларнинг фикрича, Кристин Лагард яна бир бор мазкур лавозимга даъвогарлик қилиши мумкин.
Financial Times нашри хабарига кўра, Буюк Британия Халқаро Валюта Жамғармасининг амалдаги раҳбари Кристин Лагардни иккинчи муддатга расман номзод қилиб кўрсатди. Давос анжуманида унинг ўзи ҳам иккинчи муддатга номзодини қўйиш нияти борлигини айтган эди.
Номзодларни танлаш жараёни расман бошлангани ҳақида жамғарма директорлар Кенгаши дуайени (раҳбари), Россия вакили Алексей Можин эълон қилди. Унинг сўзларига қараганда, танлов жараёни очиқ ва шаффоф бўлади. Номзодларни саралаш босқичи март ойи бошларида якунланади.
Халқаро Валюта Жамғармаси матбуот хизмати тарқатган хабарларга кўра, Директорлар кенгаши номзодларни саралаш борасида тўртта банддан иборат қарор қабул қилган.
Унда таъкидланишича, ижрочи директорлика номзод юқори профессионал малакага эга бўлиши керак. Шунингдек, номзод иқтисодий сиёсатни юритишда олий даражали тажрибага эга бўлиши лозим. Бундан ташқари, номзод жаҳон ҳамжамияти олдида турган чақириқларни англаб етиши шарт ҳисобланади. Номзод ҳар томонлама ҳамкорликка тайёр туриши керак.
Номзодларни Жамғарма Директорлар Кенгаши ва Бошқарув Кенгаши аъзолари илгари суриши мумкин. Энг сўнггида эса, Халқаро Валюта Жамғармасининг олий органи - ташкилотга аъзо мамлакатларнинг молия вазирлари ёки марказий банки раҳбарлари томонидан қарор қабул қилинади. Номзодлар шу йилнинг 21 январидан 10 февралга қадар кўрсатилиши кутилмоқда. Номзодларнинг исми-шарифи Халқаро Валюта жамғармаси масъул котибига тақдим қилинади. Айнан масъул котиб кўрсатилган номзод ижрочи директорлика мос келиши ёки мос келмаслигини аниқлайди. Номзодлар сўнгги дақиқаларгача - яъни Директорлар Кенгашига тақдим қилингунга қадар сир сақланади.
Агар рўйхатда уч кишидан ортиқ номзод бўлиб қолса, у ҳолда Кенгаш бир ҳафта мобайнида уч нафар номзодни танлаб олиши керак. Бунинг учун Кенгаш аъзолари ўртасида сўровнома ўтказилади. Норасмий келишувларга кўра, Жамғармага Европа мамлакатларининг вакили раҳбарлик қилиши анъанага айланган. Жаҳон банкига эса АҚШ вакили президентлик қилади. Якуний босқичда ХВЖ Директорлар Кенгаши Вашингтонда учрашув ўтказиб, ижрочи директорни сайлашади. Сайлов жараёни 3 мартга қадар якунланиши керак.
Лагардни қўллаб-қувватловчилар сони кўп бўлгани туфайли у кейинги беш йил давомида ҳам ўз ўрнида қолиши тахмин қилинмоқда. Лагард хоним 2011 йилнинг июль ойидан бери мазкур лавозимда ишлаб келади. У бу лавозимни ҳамюрти - франциялик Доминик Стросс-Кандан сўнг эгаллаган эди. Маълумки, Франция президентлигига номзодини кўрсатишга уринган Стросс-Кан Нью-Йоркдаги меҳмонхоналардан бирида ходимага шилқимлик қилганидан сўнг можаролар остида қолиб кетган эди. Страсс Канндан аввалги ижрочи директор испаниялик Родриго Рато 2007 йилда истеъфога кетишга мажбур бўлган эди. Ўшанда Россия муқобил сайловлар ўтказиб, бу лавозимга чехиялик иқтисодчи Йозеф Тошовский номзодини илгари сурган эди. Таҳлилчилар мазкур ташаббус Халқаро Валюта Жамғармасида демократик ўзгаришлар бошланишини айтишган эди. Бироқ, Россия ташаббуси қўллаб-қувватланмади. Ҳатто Чехия Европа Иттифоқидаги хамкорлари билан бирдамлигини билдириш мақсадида, ўз вакилини эмас Стросс-Канн номзодини қўллаб-қувватлаган эди. Айни дамда Йозеф Тошовский Базелдаги Халқаро Ҳисоб-китоблар Банки ҳузуридаги молиявий барқарорлик Институтига раҳбарлик қилмоқда. Халқаро Валюта Жамғармаси тарихида энг узоқ муддат француз Мишель Камдессю ижрочи директорлик қилган. У уч муддат, яъни 1987 йилдан 2000 йилга қадар Халқаро Валюта Жамғармаси ижрочи директори лавозимида ишлаган. Тўғри, у ҳам иззат-икром билан, аммо мажбуран истеъфога чиқарилган. У Жамғарманинг асосий акциядори бўлмиш АҚШдан мустақил равишда фаолоият юритишга ҳаракат қилгани айтилади. Шуни таъкидлаш керакки, Жамғарма ижрочи директорининг биринчи ўринбосари албатта АҚШ фуқароси бўлиши керак.
Халқаро Валюта Жамғармаси (International Monetary Fund, IMF) БМТнинг ихтисослаштирилган муассаси бўлиб, қароргоҳи Вашингтонда жойлашган. БМТнинг 1944 йил 22 июлида Бреттон-Вуд конференциясида валюта-молия масалалари муҳокама қилинар экан, ХВЖ Хартияси ишлаб чиқилди. ХВЖ концепциясини ишлаб чиқишда Буюк Британия делегациясининг раҳбари Жон Мейнард Кейнс ва АҚШ молия вазирлигининг юқори лавозимли ходими Гарри Декстер Уайтнинг хизматлари катта бўлди. Битим 29та давлат вакиллари томонидан 1945 йилнинг 27 декабрида имзоланади. ХВЖ илк бор ўз фаолиятини 1947 йилнинг 1 мартида бошлади. Айни дамда ХВЖга 188та давлат аъзо бўлиб кирган. Унинг тузилмаларида 133 мамлакатнинг вакиллари бўлмиш 2500 киши фаолият юритади.
ХВЖнинг олий органи ҳар бир аъзо мамлакат вакилларидан (Молия вазирлари ва марказий банк раҳбарлари) иборат Бошқарувчилар Кенгаши ҳисобланади. Кенгаш Жамғарма фаолиятида энг муҳим бўлган масалаларни муҳокама қилади.
Ижроия Кенгаш эса 24 нафар ижрочи директордан ташкил топган бўлиб, жамғарма олиб борадиган сиёсат учун масъулиятни ўз зиммасига олган ва муҳим қарорларни қабул қилади. Директорларни Жамғармада катта квоталарга эга саккизта мамлакат - АҚШ, Япония, Германия, Франция, Буюк Британия, Хитой, Россия ва Саудия Арабистони тайинлайди. Қолган 176 мамлакат томонидан 16та гуруҳ ташкил этилган.
Ижроия кенгаш беш йил муддатга ижрочи директорни (Managing Director) сайлайди.
Шарофиддин Тўлаганов