Иқтисодиёт | 20:17 / 27.01.2016
6042
2 дақиқада ўқилади

Хитой саноати 2015 йилда триллион доллар йўқотди

Хитойнинг етакчи саноат корхоналарининг 2015 йилдаги умумий даромади 6,4 трлн юан ёки 973 млрд долларга камайиб кетди. Бу ҳақда Хитой давлат статистикаси материалларига иқтибос келтирган ҳолда Rambler News Service маълум қилди.

Даромаднинг камайишига саноат маҳсулотларига талабнинг пастлиги сабаб бўлган. Бу компанияларни ишлаб чиқаришни қисқартириш ва нархларни туширишга мажбур қилган. Статистикага кўра, Хитой саноатининг 29 та соҳаси йилни даромаднинг ошиши, 12 таси пасайиши билан якунладилар. Кўмир қазиб олиш, нефть-газ ва металлургия секторлари сезиларли пасайиш намойиш қилган. Аксинча, қишлоқ хўжалиги, электроника, тўқимачилик ва нефть маҳсулотлари соҳаларида энг катта ўсиш қайд қилинган.

Bloomberg агентлиги 25 январда 2015 йилда Хитойдан капиталнинг чиқиб кетиши триллион долларни ташкил қилганини маълум қилганди. Инвесторлар юань девальвация бўлгандан ва Хитой фонд индекслари тушиб кетгандан кейин ўз пулларини мамлакатдан олиб чиқиб кетмоқдалар.

2015 йил натижаларига кўра, Хитойнинг ялпи ички маҳсулоти 6,9 фоизга ўсган, бу мамлакат учун охирги 25 йил ичидаги энг паст кўрсаткич бўлди. Хитой Фанлар академиясида 2016 йилда ЯИМ 6,7 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.