Технология | 00:43 / 29.01.2016
4318
1 дақиқада ўқилади

Apple ўзининг қувватлаш қурилмаларини ортга қайтариб олмоқда

Apple компанияси девордаги розеткаларга мўлжалланган икки штирли вилкага эга қувват олувчи қурилмаларини кўнгилли тарзда қайтариб олишини эълон қилди. Бу ҳақда компаниянинг матбуот баёнотида айтилмоқда.

Австралия, Аргентина, Бразилия, қитъадаги Европа, Янги Зеландия ва Жанубий Корея учун мўлжалланган икки штирли вилкали қувватлаш қурилмалари кам ҳолларда бузилади ва тегишда электр ток уриши хавфини вужудга келтиради. Маълум қилинишича, бу адаптерлар 2003 йилдан 2015 йилгача Mac компьютерлари ва iOS-қурилмалари билан бирга етказилган ҳамда World Travel Adapter Kit тўпламига кирган.

Айни вақтда компания бу адаптерларнинг ишдан чиқиши билан боғлиқ 12 та ҳолат ҳақида маълумотга эга. Носоз қувватлаш адаптерлари маҳкамлаш жойининг ички пазида 4-5 символли матнга эга бўлиши ёки бу матн умуман бўлмаслиги мумкин. Такомиллашган адаптерларда ҳудуднинг 3 ҳарфли коди кўрсатилади. Бу ҳақдаги батафсил маълумот Apple сайтида берилган.