Жамият | 18:35 / 14.02.2016
4802
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ёшлар #BoburDay ҳештегини трендга олиб чиқди

Twitter фойдаланувчилари Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 533 йиллигига бағишланган #BoburDay ҳештегини трендга олиб чиқди.

Акция 14 февраль куни соат 14:00дан старт олиши олдиндан маълум қилинганига қарамай, Тошкент вақти билан 07:30дан бошлаб нафақат Ўзбекистондаги, балки хорижда таълим олаётган ўзбекистонлик интернет фаоллари #BoburDay ҳештеги илова қилинган кўплаб твитларни ёзишга киришди.

«Hashtags.org» сайти маълумотларига кўра, соат 14:00гача ҳештегдан фойдаланган ҳолда 49 минг, кейинги бир соатда эса 72 400 та твит ёзилган.

#BoburDay ҳештеги иштирокида Twitter’да 300 мингга яқин, Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларида эса 150 мингдан ортиқ постлар қолдирилган. Акция давомида ижтимоий тармоқларда 5 миллионга яқин фикр, мулоҳаза ва муносабатлар билдирилган.

Ушбу акцияда Ўзбекистон билан бирга дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатларидан иштирокчилар қатнашди. Ўзбекистонлик талаба ёшлар ташаббусини таниқли санъаткорлар, кино ва театр актёрлари қўллаб-қувватлаб турди.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик Twitter фойдаланувчилари бунгача ҳам бир неча бор, хусусан, 2012 йили Ўзбекистон Мустақиллигининг 21 йиллиги арафасида #uzb21, 2013 йили Мустақилликнинг 22 йиллиги арафасида #uzb22, 2014 йили ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматовга бағишланган #IrmatovBest, 2015 йилнинг 28 августида #Uzb24, 2016 йилнинг 9 февраль куни А.Навоий таваллудига аталган #Navoiy575 ҳештегларини жаҳон трендига олиб чиққанди.