Жамият | 18:36 / 01.07.2016
5110
3 дақиқада ўқилади

Гиёҳвандлик асирига тушган “дўстлар” жиноий жавобгарликка тортилди

Наманган шаҳрида туғилиб, катта бўлишган Улуғбек Илёсов, Мансур Ёдгоров, Дилшод Норов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ораларидан “қил” ҳам ўтмас қалин ўртоқ бўлиб улғайишди. Ана шу бирдамликни эзгу мақсадлар йўлида ишлатишганда-ку, бу уч оғайнининг аҳиллиги ва ҳамжиҳатлилигига ҳамма ҳавас билан қарар, ўзаро дўстликлари ҳам бардавом бўларди.

Афсуски, учала йигит ҳам оилали, фарзандлари борлигига қарамай, бирон-бир ишнинг этагидан тутишмади. Уларнинг ҳеч бирини на оила, на рўзғор ташвишлари қизиқтирар, аксинча, енгил-елпи ҳаёт кечириш, кайф-сафо билан кун ўтказиш кундалик турмуш тарзларига айланиб қолганди. Боз устига, гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш ва сотишдек жирканч ишлар билан ҳам шуғулланишган экан. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

2015 йилнинг охирларида У.Илёсовга пул зарур бўлиб қолади. У дўсти М.Ёдгоровга бу ҳақда “ёрилади”. Агар мушкулини осон қилса, пул эвазига гиёҳванд модда беришини айтади. “Дори”нинг дарагини эшитиб, Мансур дарров рози бўлади ва Улуғбекка 100 минг сўм бериб, пулига яраша ундан “гашиш” гиёҳвандлик моддасини олади. 

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Улуғбекни нашанинг хумори тутади. У телефонда М.Ёдгоровга наша керак бўлиб қолганини билдиради. У эса ўзида йўқлиги, лекин Дилшодда борлигини, хоҳласа сўраб олиб бериши мумкинлигини айтади. Икки дўст гапни бир жойга қўйиб, Д.Норовнинг нонвойхонасида учрашишга келишадилар. Хуллас, оғайнилар учрашишгач, Улуғбек 100 минг сўмга оғу сотиб олади. Аслида бу гиёҳванд восита Мансурнинг ўзиники бўлиб, Улуғбек: “Мен берган пулни қайтармайди”, деган ўйда бу ишга Дилшодни аралаштирган эди. Аммо У.Илёсов “дори”ни “маза қилиб” чекиб, кафтини суришга улгурмади. У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ашёвий далил билан қўлга олинди. Шу тариқа яна бир жиноятга чек қўйилди.

Суд мажлисида улар қинғир ишларидан минг бор пушаймон эканликларини, “кўзлари энди очилгани”, оилалари, яқинлари олдида юзлари шувут бўлганини, оилавий аҳволлари қийинлигини айтиб, енгиллик беришларини қайта-қайта сўрашди. Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди судланувчилар М.Ёдгоров ва Д.Норовни Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топиб, уларнинг ҳар бирини беш йил муддатга, У.Илёсовни эса 3,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.