11:54 / 06.08.2016
13796

Бугун ўзбекистонлик 7 спортчи Риодаги иштирокини бошлайди

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳри қабул қилаётган 31-ёзги Олимпия ўйинлари расман очилди. Бугун, 6 августдан бошлаб спортнинг 14 турида мусобақалар бўлиб ўтди ва дастлабки медаллар эгалари аниқланади. Бугун бўлиб ўтадиган айрим спорт турлари бўйича 7 нафар ўзбекистонлик спортчи баҳсларда иштирок этади.

Стол тенниси
Зоҳид Кенжаев чехиялик Лубомир Янчарик билан саралаш баҳсида иштирок этади. Мазкур ўйин Тошкент вақти билан 00:00да бошланади. 

Бокс
60 кг.гача бўлган вазнда қатнашадиган боксчимиз Хуршид Тожибоев саралаш босқичидаги дастлабки жангини қатарлик Ҳакан Эрескерга қарши ўтказади. Ушбу жанг 01:45да бўлиб ўтади. 

Дзюдо, 60 кг.
Олимпиаданинг дастлабки кунида бизда медаль қўлга киритиш имконияти мавжуд. Дзюдо бўйича эркаклар ўртасида энг енгил вазн (-60кг.) тоифасида Диёрбек Ўрозбоев бугун баҳсларда иштирок этади. У 1/32 финал босқичида австралиялик Жошуа Катцга қарши гиламга чиқади. Бу баҳс 19:15да бўлиб ўтиши режалаштирилган. Ҳамюртимиз унда ғалаба қозонса, нимчорак финалда Ленин Пресиадо (Эквадор) / Людовик Чаммартин (Швейцария) жуфтлигига қарши татамига чиқади. Дзюдода аёллар бугун 48 кг, эркаклар 60 кг. вазнда медаллар соҳибларини аниқлашади.

Академик эшкак эшиш
Спортчимиз эркаклар ўртасидаги яккалак баҳсларининг саралаш босқичида иштирок этади. У учинчи гуруҳда стартга чиқади ва кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритишга ҳаракат қилади. Унинг старти 16:50га белгиланган. 

Сузиш, 100 м, брасс
Брасс услубида 100 метрга сузишда ҳамюртимиз Владислав Мустафин ўз иштирокини бошлайди. Спортчимиз саралаш 3-гуруҳда ўтказади ва 1-йўлакчадан сузишни амалга оширади. У яхши натижа қайд этиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритишга уриниб кўради. 

Сузиш, 400 м. комплекс
Раънохон Омонова бугун 400 метрга комплекс услубда сузиш бўйича мусобақаларда иштирок этади. Ҳамюртимиз 2-саралаш гуруҳининг 5-йўлакчасига жойлаштирилган. У саралаш яхши натижа қайд этса, финал йўлланмасига эга бўлади. Финал баҳслари ҳам бугун бўлиб ўтади. Саралаш баҳслари 18:32да бошланади. 

Спорт гимнастикаси
Антон Фокин бугун бирданига 6та снарядда машқларни бажаради. Кун якунида энг кўп очко жамғарган спортчиларга медаллар топширилади. Шунингдек, ҳар бир йўналиш бўйича энг кўп очко тўплаган 8 нафардан спортчилар кейинчалик алоҳида йўналишлар бўйича финал баҳсида иштирок этиб, медаллар учун курашиш имкониятига эга бўлади. Бугунги баҳслар Тошкент вақти билан 22:30да старт олади.

Манба: stadion.uz

Top