13:23 / 17.08.2016
17463

Дунёнинг энг дўстона кайфият улашувчи шаҳарлари

Бирор бир шаҳарга ташриф буюрсангиз, у нимаси билан сизни ўзига ром қилади? Албатта, манзараси ва одамлари билан! 

Conde Nast Traveler’нинг 100 мингдан ортиқ ўқувчилари ўртасида дунёнинг энг дўстона шаҳарлари борасида сўровнома ўтказилди. Қуйида энг дўстона кайфият улашувчи шаҳарлар ўнлиги билан танишинг. 

1.  Чарльстон, Жанубий Каролина - Conde Nast Traveler сўровномасига кўра, дунёнинг энг дўстона кайфият улашадиган шаҳри ҳисобланади. Бу ерга келувчи сайёҳлар шаҳар ҳақида фақат илиқ фикрлар билдиришади. “Ҳамма бир-бири билан суҳбатлашади! Шаҳар шу даражада кўнглингизга хуш ёқадики, уни пиёда айланиб чиқиш ҳам осондек туюлади”, дейди меҳмонлардан бири. 

 

2.  Сидней, Австралия – Сидней ёз кунларида ташқарида овқатланиш учун ажойиб маскан. Conde Nast Traveler сўровномасида шаҳарга ташриф буюрган сайёҳлардан бири шундай дейди: “Австралияликлар жуда ёқимли халқ, улар барчага бирдек дўстона муносабатда бўлишади. Ҳар сафар шаҳар кўчаларида тўхтаб, харитадан керакли жойни излашга тушганимизда, австралияликлар ёнимизга келиб, ёрдам таклиф қилишган”. 

 

3.  Дублин, Ирландия – Ирландия пойтахти Conde Nast Traveler ўқувчилари орасида учинчи ўринга муносиб кўрилди. Шаҳарда меҳмон бўлган сайёҳлардан бири шундай дейди: “Бизга қаерга бориш, нималарни кўриш борасида маҳаллий халқ ҳар қандай гиддан яхши маслаҳатларни берди”. 

 

4.  Квинстон, Янги Зеландия – Бу шаҳар ўзининг табиати билан ҳар қандай кишининг диққатини тортадиган йирик сайёҳлик маркази. Квинстонда экстремал спорт турлари билан шуғулланиб, саргузаштларга тайёр туринг.

 

5.  Парк Сити, Утах - Ёзми ё қишми, Парк Сити доим сайёҳлар билан гавжум. Ҳаво иссиқ бўлганда улар пиёда ёки велосипедда сайр қилишади, қор ёғса, чанғи ва чана учишади. 

 

6.  Голуэй, Ирландия – Шаҳар санъатга, айниқса жонли мусиқага ошуфта. Бу ерда мусиқий фестиваллар ўтказилади. Пабларда жонли мусиқа садолари остида кишилар бир-бирларига яхши кайфият улашишади. 

 

7.  Саванна, Жоржия – АҚШнинг жанубида жойлашган шаҳар ўзининг ҳар йили ўтказиладиган Муқаддас Патрик байрами билан машҳур. Шаҳар сайёҳлар нуқтаи назаридан тинч ва осуда, соя-салқин жойлар кўп. Америка тарихига қизиққан миллионлаб сайёҳлар бу масканга ташриф буюришади. 

 

8.  Краков, Польша – Мамлакатнинг энг маданий ва сиёсий жиҳатдан катта аҳамиятга эга шаҳарларидан бири. Бу ерга ташриф буюрган сайёҳлар Краковнинг бош хиёбони Ринек Глоунида ўтириб, суҳбатлашишни хуш кўришади. Шунингдек бу жойнинг меъморчилиги ҳам киши диққатини тортмай қўймайди. 

 

9.  Бругги, Бельгия – Дунёнинг энг яхши шоколадлари ва ичимликлари билан ном қозонган масканнинг энг дўстона шаҳарлар рўйхатига киритилгани ҳеч кимни ажаблантирмаса керак. 

 

10.  Нэшвилл, Теннеси – Ушбу шаҳар кантри мусиқасининг ватани ҳисобланади. Бу ерда ҳамма ердан 24 соат мусиқа эшитилиб туради. Шаҳарга ташриф буюрган сайёҳлар маҳаллий аҳоли билан тез дўстлашиб кетишади. 

Top