18:05 / 24.09.2016
12948

Election Times Ўзбекистонда бўлажак президент сайловлари ҳақида ёритди

Ўзбекистонда жорий йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларига фаол тайёргарлик кўрилмоқда. Давлатимиз учун жуда муҳим бўлган ушбу сиёсий тадбир хорижий мамлакатларнинг оммавий ахборот воситаларида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

Жумладан, Покистонда чоп этиладиган Election Times газетаси саҳифасида Ўзбекистонда ўтказиладиган Президент сайловлари мавзусига бағишланган мақола босилиб чиқди. Унинг муаллифи - ушбу нашр бош муҳаррири, Покистон Адвокатлар ассоциациясининг доимий аъзоси Сафир Шоҳ Ҳусайн Ўзбекистон Республикасида бўлиб ўтган парламент сайловлари (2014 йил) ҳамда президент сайловлари (2015 йил) мониторингида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этган эди. Бу ҳақда “Жаҳон” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Мақолада Президент сайловлари жараёнининг ошкоралиги ва очиқлиги, умумийлик, тенглик, эркинлик ва яширин овоз бериш каби демократик сайловларнинг тамойилларига риоя этилишини мониторинг қилишлари учун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Ислом ҳамкорлиги ташкилоти ва Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси сингари нуфузли институтларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг халқаро кузатувида иштирок этиш учун расман таклифномалар йўллагани қайд этилган.

Шунингдек, материалда «Миллий тикланиш» демократик партияси, Либерал-демократик партияси, Халқ демократик партияси, «Адолат» социал-демократик партияси сингари мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партияларнинг бўлиб ўтган пленумлари тўғрисидаги батафсил маълумотлар ҳам ўз аксини топган. Пленумлар чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партияларнинг муносиб иштирокини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Президентлигига бўлажак номзод кўрсатиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилгани газетхонларнинг эътиборига ҳавола қилинган.

Top