21:49 / 30.09.2016
9938

Ёшлар веломарафони ўтказилиши муносабати билан Тошкентдаги баъзи кўчалар ёпилади

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг маълум қилишича, 2 октябрь куни “Камолот-Тур” IX ёшлар веломарафонининг Республика босқичи ўтказилиши муносабати билан соат 9:00дан 11:00га қадар пойтахтдаги баъзи кўчалар ёпилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 11 декабрдаги баёни билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури” ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг “Тошкент шаҳрида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишига биноан Тошкент шаҳрида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, велоспорт турини оммалаштиришга қаратилган “Камолот-Тур” IX ёшлар веломарафонининг Республика босқичи ўтказилиши белгиланган.

Шу муносабат билан ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 2 октябрь куни соат 9:00дан 11:00га қадар Нукус кўчасидан (Нукус, А.Қодирий, Абай, Навоий, Ш.Рашидов, Мустақиллик кўчалари) “Пахтакор” марказий стадионигача бўлган кўчаларда (Глинка, Ойбек, А.Темур, Мустақиллик, Ш.Рашидов, Абай, Себзор, Навоий, Юсуф Хос Хожиб кўчалари) ҳаракатланиш чекланади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ушбу чекланишлар туфайли юзага келадиган  ноқулайчиликлар учун олдиндан узр сўрайди.

Top