18:56 / 03.10.2016
17571

ОАВ ИШИД раҳбарининг заҳарлангани ҳақида хабар тарқатди

ИШИД террорчилик ташкилоти раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийни ва унинг 3 нафар шеригини заҳарлашган. Бу ҳақда Эрондаги Press TV телеканали номини сир тутишни сўраган манбасига асосланган ҳолда хабар берган.

Хабар қилинишича, унинг таомига заҳар аралаштирилган. Натижада у ва унинг ёнидагилар оғир даражада заҳарланишган. Ҳодиса Ироқ шимолидаги Найнаво вилоятида рўй берган.

"ИШИД ал-Бағдодий бўлган ҳудудларда ҳибсга олиш ишларини бошлаб юборди", — деган манба ҳамда жангарилар етакчилари "оғир заҳарланишдан азоб чекишаётганини", уларни номаълум томонга олиб кетишганини билдирган.

Iraqi Media News Agency суҳбатдоши ал-Бағдодийнинг қаердалиги фақатгина унинг атрофидагиларгагина маълумлигини, ИШИД раҳбари мунтазам равишда жойини ўзгартириб туриши қўшимча қилинган.

Қайд этиш керакки, ОАВда ал-Бағдодийнинг ўлими ҳақида тез-тез хабар бериб турилади. 14 июнь кунида Буюк Британиянинг Mirror газетаси жангариларнинг янгилик агентлиги хабарига таяниб ИШИД раҳбари Раққа шаҳрининг бомбардимон қилиниши вақтида ҳалок бўлганлигини ёзган, лекин бу хабар тасдиқланмаганди.

10 июнь куни ҳам ал-Бағдодий ва бир неча қўмондон Ироқ ва Сурия чегараси ҳудудида берилган ҳаво зарбалари оқибатида оғир даражада жароҳатлангани хабар қилинганди.

Top