10:11 / 05.10.2016
4502

2 йил давомида маош олмаган зимбабвелик футболчилар иш ташлаш уюштиришди

Зимбабведаги «Хванге» жамоаси маошлар тўланишидаги қарзлар туфайли иш ташлашди. Бу ҳақда Халқаро профессионал футболчилар ассоциацияси (FIFPro) маълум қилган.

Қайд этилишича, жамоанинг баъзи футболчилари 2 йилдан буён маош олишмаган. 2015 йил учун «Хванге» футболчиларига 500 доллардан берилган. Ҳолбуки, уларнинг йиллик маоши миқдори шартнома бўйича йилига 3600 доллардан эди. Бу эса дунёда футболчиларга тўланадиган энг кам маош ҳисобланади.

Жорий йилда эса футболчиларга 200 доллардан маош ва 250 доллардан бонус пуллари берилган. Клуб уларнинг ҳар бирига яна 2015 йил учун 800, 2016 йил учун эса 1950 доллардан тўлаши талаб этилади. Футболчилар кейинги ойларда уй учрашувлари учун 10 доллардан, сафар учрашувлари учун эса 20 доллардан олишмоқда.

Хабар қилинишича, «Хванге» раҳбарияти футболчиларга агар қарздорлик бўйича ҳолатни оммага ошкор қилишса, уларни клубга тегишли ҳисобланадиган уйларидан чиқариб юбориш билан таҳдид қилишган.

2015 йилги мавсумда «Хванге» ички чемпионатда саккизинчи ўринни эгаллаганди.

Манба: Tribuna.uz

Top