18:24 / 25.10.2016
8491

Туркия ТИВ Ироқда қуруқликдаги ҳарбий ҳаракатларни бошлаши эҳтимолидан огоҳлантирди

Фото: Reuters

Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли маълум қилдики, Анқара Ироқ ҳудудидан мамлакат хавфсизлигига таҳдид туғилгудек бўлса, Туркия ҳарбийлари Ироқда қуруқликдаги ҳарбий ҳаракатларга киришади.

«Агар Ироқдаги воқеалар, хусусан Синжар ва бошқа туманлардаги ҳаракатлар Туркия хавфсизлигига таҳдид сола бошласа, биз бу хавфни йўқ қилиш учун бор чораларни кўрамиз. Худди шу гапни Сурия бўйича ҳам айтишимиз мумкин. Сурияда ИШИД ва бошқа жангарилар томонидан таҳдид сақланиб туришига Туркия тоқат қилишда давом этмайди», — дея Човушўғлининг сўзларини келтирган Anadolu агентлиги.

У Курдистон ишчилар партияси Манбижни тарк этмайдиган бўлса, Туркия бу ташкилотни бу ҳудуддан ҳайдаб чиқаришини қўшимча қилган.

Вазир Туркия томони бу режалар ҳақида АҚШни огоҳлантиришини айтиб ўтган.

Сурия шимолидаги Манбиж шаҳри ёзда АҚШ бошчилигидаги коалиция ёрдамида ИШИДдан озод қилинган ва Сурия курдларининг Демократик иттифоқ партияси назоратига ўтганди. Анқара бу ташкилотни Туркияда тақиқланган Курдистон ишчилар партияси билан алоқадор ҳисоблайди.

Туркия армияси 24 август куни "Фрот қалқони" номи остидаги ИШИДга қарши амалиёт бошлади. Бу амалиётдан мақсад Сурия ва Туркия чегарасида қочқинлар учун 5 минг кв км майдонда хавфсиз ҳудуд яратиш ҳисобланади.

21 октябрь куни Туркия бош вазири Биноли Йилдирим маълум қилгандики, Ироқ ҳукумати Туркияга таҳдид солиб турган ташкилотларни бартараф этмоғи лозим.

Top