14:14 / 03.11.2016
8424

Сурункали касалликларни даволаш учун сунъий асаб ишлаб чиқилди

Фото: sciencedaily.com

Линчепинг университетидаги тадқиқотчилар гуруҳи оғриқни камайтирувчи янги ихтиро - сунъий асабни намойиш қилишди. Бу ҳақида Science Advances журнали маълум қилди. 

Янги технология оз миқдордаги гамма-аминомой кислотаси (ГАМК) ва турли препаратларни асаб тизимининг сигналларни узатувчи тезлигида етказиб беришга имкон яратади. ГАМК асаб сигналларини блоклаш ва оғриқни назорат қилиш учун хизмат қилувчи биологик жиҳатдан фаол кимёвий модда ҳисобланади. Олимлар ўз ихтироларини ион насос деб аташди. 

"Биз инсоннинг асаб тизими билан муаммосиз уйғунлашиши мумкин бўлган сунъий асабни яратдик, - дейди тадқиқот муаллифларидан бири Магнус Берггрен. - Сигнал 0,1 миллисонияда икки синапс ўртасидан ўтади ва биз амалда бу тезликка эришишга муваффақ бўлдик".

Мазкур тадқиқотга 10 йилдан ортиқ вақт сарфланди ва энди муаллифлар тирик ҳужайрали технологияларни синовдан ўтказишга тайёрлар. Ион насосдан сурункали оғриқларни даволаш ёки эпилептик хуружни тўхтатишда фойдаланиш мумкин. 
 

Top