11:12 / 06.12.2016
18436

2016 йилги Нобель мукофоти совриндорлари

Шу ҳафтада Стокгольм ва Осло шаҳарларида швециялик кимёгар, ихтирочи Альфред Нобель номли халқаро мукофотнинг 2016 йилги йилги совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Нобель мукофоти совриндорлари номи октябрь ойида эълон қилинган эди. 

Физиология ёки тиббиёт соҳасида 2016 йилги Нобель мукофоти Токио технология институтининг япониялик профессори Ёсинори Осумига аутофагия механизмини кашф қилгани учун тақдим этилади. 

Физика бўйича соврин топологик фазали ўтказиш ва материянинг топологик босқичлари назариясини кашф қилган уч нафар тадқиқотчи — Дэвид Таулесс,  (Вашингтон штатининг Сиэтлдаги университети, АҚШ), Дункан Холдейн (Принстон университети, АҚШ) ва Майкл Костерлиц (Браун университети, АҚШ)га берилади.

Кимё йўналиши бўйича мукофот молекуляр машинани ишлаб чиқиб, унда синтезни амалга оширган профессорлар Жан-Пьер Саваж (Франция Страсбург университети), Фрейзер Стоддарт (Эванстон шимоли-ғарбий университети, АҚШ) ва Бернард Ферингга (Гронинген университети, Нидерландия) тақдим этилади.

Адабиёт бўйича Нобель мукофотига америкалик таниқли шоир, ижрочи ва композитор Боб Дилан муносиб кўрилди.

Бу йилги Тинчлик Нобель соврини Колумбия президенти Хуан Мануэль Сантосга 50 йилдан ортиқ давом этган фуқаролик урушига барҳам бериш йўлида амалга оширган саъй-ҳаракатлари учун берилади. 

Иқтисодиёт бўйича мукофот шартномалар назариясини ривожлантирган 68 ёшли Оливер Харт (Ҳарвард университети, АҚШ) ва 67 ёшли Бенгт Хольмстрёмга (Массачусетс технология институти, АҚШ) топширилади.

 

Top