Ўзбекистон | 15:52 / 20.12.2016
138078
2 дақиқада ўқилади

Баҳодир Матлубов раҳбарлик лавозимига қайтди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари, генерал-лейтенант Баҳодир Матлубов давлат хизматига қайтди. Кун нашрининг манбаси берган маълумотга кўра, Баҳодир Аҳмедович эндиликда ИИВ Академияси раҳбарлигига тайинланган.

У бу лавозимда генерал-майор Икромов Шавкатни алмаштирди.

Эслатиб ўтамиз, Баҳодир Матлубов 2006 йил январидан 2013 йилнинг декабригача Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигини бошқарган. У 2013 йилнинг 15 декабрида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов фармони асосида ишдан олинганди ва унинг ўрнига Адҳам Аҳмедбоев тайинланганди.

Баҳодир Аҳмедович Матлубов 1952 йилнинг 10 март куни Самарқанд шаҳрида туғилган.

У 1973 йилда Самарқанд Давлат университетининг химия факультетини тамомлаган ва ички ишлар органлари соҳасида фаолият бошлаган. У 1978-1983 йилларда Самарқанд Давлат университетининг юридик факультетида ва параллел равишда милиция академиясида ўқийди.

Меҳнат фаолияти:
1973 - 1978 – Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасининг жиноий-қидирув бўлими катта махфий агенти.
1978 - 1983 – Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари.
1983 - 1989 - Самарқанд вилояти Сиёб тумани Ички ишлар бошқармаси бошлиғи.
1989 - 1990 -Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари.
1990 - 1994 - Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи.
1994 - 1997 - Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи.
1997 - 2004 - Ўзбекистон Ички ишлар вазири биринчи ўринбосари.
2004 - 2006 - Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси.
2006 - 2013 - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири.
2013 йилнинг 14 декабридан нафақада.
2001 йилда генерал-лейтенант унвонини олган. "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби. 
2004-2013 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси.

Мавзуга оид