16:58 / 03.01.2017
14647

Дутерте яна бир можароли чиқиш қилди

Филиппин президенти Родриго Дутерте ўзининг ИШИД билан алоқадор қариндошлари борлиги ҳақида гапирди. Бу ҳақда The Manila Shimbun нашри хабар тарқатган.

Давлат раҳбари бир неча амакиваччаси айни вақтда ИШИД аъзоси экани ва жангарилар сафида уруш олиб бораётгани ҳақида айтган. Шу билан бирга у бу ҳолатга тоқат қилмоқчи эмаслигини ва тез орада уларни тутиб келишга буюришини қўшимча қилган.

Филиппинликлар етакчиси, «ўз қариндошларига эмас, республикага хизмат қилиши» ҳақида гапирган ва экстремистлар билан алоқадор кучларни қўллаб-қувватламаслигини билдирган.

Ўтган йилнинг 29 декабрида филиппинликлар етакчиси хиёнаткор амалдорларни вертолётдан ташлаб юбориши билан таҳдид қилганди. «Мен аввал ҳам шундай қилганман, буни яна қилишга тайёрман?» — деганди у. Лекин кўп ўтмасдан у бу гапидан тонди.

12 декабрь куни эса Давао шаҳри мэри лавозимида ишлаган вақтларида жиноятни содир этишда гумонланганларни шахсан ўзи ўлдирганини маълум қилди.

«Даваода мен буни ўз қўлларим билан амалга оширдим. Шунчаки йигитларга (полицияга) буни мен қила олсам, улар ҳам қила олишини кўрсатиб қўйиш учун. Мен Давао бўйлаб мотоциклда юрардим ва кўчаларни қўриқлардим. Аслида эса мен кимнидир ўлдириш учун қандайдир можаро қидирардим», — деганди Дутерте.

Май ойида давлат раҳбари лавозимига сайланган Дутерте гиёҳвандларга, шунингдек, тақиқланган воситаларни тарқатадиганларга қарши кенг кўламли кураш олиб боришни ёқлаб чиқади. Полициянинг сўнгги маълумотларига кўра, охирги ойларда мамлакатда наркотиклар савдосига алоқадор уч мингга яқин киши ўлдирилган.

Top