11:32 / 05.01.2017
45284

Молия вазири ва вазирликнинг ваколатлари кенгайтирилди

Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги ПҚ-2699-сон қарори билан молия вазири ва вазирликнинг ваколатлари кенгайтирилди. Бу ҳақда Norma хабар берган.

Унга биноан молия вазирига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ижро этувчи аппарати тузилмасига, унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари тузилмасига тасдиқланган ходимлар умумий чекланган сони доирасида зарур ҳолатларда ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди. (Илгари бунинг учун Президент томонидан қарор қабул қилиниши талаб этиларди).

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳақидаги низомга киритилган ўзгаришлар ва қўшимчаларга кўра у солиқ ва божхона қонунчилигидаги ўзгаришларга, даромад келтирувчи тармоқлар корхоналарининг товар (иш, хизмат)ларини сотиш ҳажмлари ва нархларига, солиқ қарздорлиги суммасига боғлиқ ҳолда, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда давлат солиқ хизмати органлари томонидан жойларда тушумларни кўпайтириш резервлари сафарбар қилиниши ва олдинги ҳисобот чораклари учун етказилган даромадлар прогнозларини бажариш бўйича чора-тадбирларнинг қабул қилинишини инобатга олган ҳолда ҳар ҳисобот чораги якунлари бўйича бюджетлар даромадлари прогнозларига ўзгартиришлар (аниқлаштиришлар) киритиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Бунгача вазирликнинг маҳсулотларни сотиш ҳажмлари ва солиқ ставкаларининг ўзгариши билан боғлиқ даромадлар ва даромад манбалари бўйича вилоятлар бўйича ўзгаришлар киритиш ҳуқуқи кўзда тутилган эди, аммо бюджетлар даромадлари прогнозларига тузатишлар киритиш ҳақида сўз бормасди. Бундан ташқари, бундай тузатишлар киритишга йўл қўйиладиган шарт-шароитлар батафсил тартибга солинган.

Top