21:12 / 09.01.2017
8421

Пекинда ўта заҳарли смогнинг пайдо бўлиши сабаби аниқланди

Фото: AP Photo / Andy Wong

Экологлар гуруҳи Хитой пойтахти Пекинда смогнинг пайдо бўлиши сабабини аниқладилар. Олимлар JGR: Atmospheres журналидаги мақолаларида ҳаво ифлосланишининг асосий сабаби автомобиллар эканлиги ҳақидаги фикрни рад этдилар.

Пекиндаги Атмосфера физикаси институтидан бўлган, тадқиқотнинг етакчи муаллифи Юси Ван смогнинг юзага келишига саноат корхоналари ва кўмир электр станциялари сабаб бўлганини айтди.

Экологлар Пекин, Тяньцзин ва Шимолий Хитой пасттекислигидаги бошқа бир қатор шаҳарларда 2014 йил октябрь ва ноябрида смогнинг шаклланишини кузатганлар. Улар яқин орадаги ясси тоғликдан Пекинга ҳаракатланувчи буғ, чиқинди газлар ва иссиқ ҳаво оқими қоришмаси аралашув ҳудуди деб аталувчи ҳаво ҳудудининг кескин камайишига олиб келишини аниқладилар. Бу ҳудуд турбулент оқимлар туфайли сиртдан кўтарилувчи газлар тарқаладиган атмосфера қатламидир. Бу ҳудуднинг даражаси камайиши сабабли шамоллар ҳаракати камаяди, бу эса аэрозолнинг йиғилиши ва смогнинг юзага келишига олиб келади.   

Олимларнинг айтишича, смогга қарши кураш учун нефть маҳсулотлари ва кўмирни ёқишга чеклов киритиш керак. Бу чораларни нафақат Пекинда, балки ҳаво массалари ҳаракатланувчи бошқа шаҳарларда ҳам қабул қилиш керак.

Германиянинг Макс Планк институти тадқиқоти натижаларига кўра, Хитойда ҳар йили ҳаво ифлосланиши сабабли юзага келадиган касалликлар туфайли 1,4 млн киши вафот этади. Пекинда бунга қарши курашиш учун экологик полиция яратилди. Бу полиция чиқиндилар, ёғоч ва бошқа биоматериалларнинг рухсатсиз ёқилишини назорат қилади.

 

Top