19:07 / 12.01.2017
22459

Энг яхши дизайнга эга автомобиллар аниқланди

EyesOn Design Award ҳар йиллик танлови ҳакамлар ҳайъати Детройтдаги моторшоунинг энг яхши дизайнга эга янгиликларини аниқлади. Экспертлар концептлар ва серияли автомобиллар ўртасидаги ғолибларни маълум қилишди.

Концептуал моделлар йўналишида энг яхши дизайн учун мукофот Nissan Vmotion 2.0’га берилди. У марканинг бўлажак седанлари дизайни йўналишини кўрсатиб берди. Бундан ташқари, концепт “ранглар, графика ва материлларни инновацион қўллаш” учун ҳам мукофотга лойиқ топилди.
Детройтда серияли янгиликлар орасида Kia’нинг тарихдаги энг кучли модели - Stinger фастбэки совринга эга чиқди. У 3,3 литрли 355-кучли “олтиликка” эга (мотор таркибига шунингдек икки литрли 255 от кучига эга бўлган турбомотор ҳам кирди).

Lexus LS янги авлод седани танлов ҳайъати томонидан “ички қисмни энг яхши жиҳозлаш” йўналиши бўйича мукофотга эга чиқди. Серияли “траклар” (йўлтанламаслар, минивэнлар ва ҳоказо) орасида эса 2018 модель йилги Chevrolet Traverse энг яхши деб топилди. Концептуал “траклар” орасида энг яхши дизайн соҳиби деб - Volkswagen I.D. Buzz концепти тан олинди.

Шунингдек, танлов ҳайъати BMW’нинг янги авлоддаги “беши”ни ҳам мукофотга лойиқ кўрди. Седан энг омадли фойдаланувчилар интерфейси бўйича ғолиб деб топилди.

Top