18:32 / 25.01.2017
5251

ОАВ: Жак Ширак номзоди Нобель тинчлик мукофотига даъвогар сифатида қўйилди

Франция собиқ президенти Жак Ширак номзоди Нобель тинчлик мукофотига даъвогар сифатида илгари сурилди. Бу ҳақда Le Figaro газетаси хабар берди. Унинг маълумотларига кўра, таржимаи ҳол ва махсус мактуб Нобель қўмитасига 23 январь куни юборилган.

Жак Ширак номзодини “кўп томонлама дунёни яратиш жараёнига қўшган ҳиссаси учун” олий халқаро мукофотга қўйиш ҳақидаги таклиф унинг сиёсий тарафдорлари ва дўстлари томонидан билдирилган. Улар орасида – Франция миллий йиғилиши собиқ раиси Бернар Акуайе, собиқ бош вазир Жан-Пьер Раффарен, шунингдек Жак Ширакнинг куёви ва Елисей саройининг собиқ бош котиби Фредерик Сала-Бару бор. Le Figaro маълумотига кўра, бундай ғоя ташаббуси уларда 2016 йилнинг ёзида пайдо бўлган.

Ширак номзодини Нобель тинчлик мукофотига илгари суриш ҳақидаги петицияга 280 депутат имзо чекди. Шунингдек, Жак Ширак номзодини Сенегалнинг собиқ президенти Абду Диуф ҳам қўллаб-қувватлади.

Ташаббус гуруҳининг таъкидлашича, Ширак номзодини қўйиш “сайёрадаги тинчликни ҳимоя қилишга ҳаракат сифатида” қабул қилиниши лозим.

Маълумот учун, Жак Ширак 1995-2002 ва 2002-2007 йилларда Франция президенти бўлган. Шунингдек, у Париж шаҳри мэри ва “Республикани қўллаб-қувватлаш бўйича бирлашма” партияси етакчиларидан бири бўлган. Жак Ширак Франция президенти сифатидаги фаолиятини якунлаб, Франция Конституция кенгашининг умрбод аъзосига айланди. Унинг номи ўтган йили ўзининг ташаббуси билан ташкил этилган “Бранли” Париж этнографик музейига ҳам берилди.

Top