22:39 / 29.01.2017
5337

Туркия қурол-аслаҳа импортига боғлиқликни камайтирмоқчи

Фото: AP

Туркия қурол-аслаҳа импортига боғлиқликни камайтиришга интилмоқда, бундан мақсад мудофаа маҳсулотининг маҳаллий  ишлаб чиқарилишини 80 фоизга етказиш ҳисобланади, деб айтди Туркия мудофаа вазири Фикри Ишик. 

"Охирги 14 йил ичида Туркия мудофаа саноати соҳасида сезиларли тараққиётга эришган. Агар 2002 йилда Туркия қурол-аслаҳага эҳтиёжининг 80 фоизини импорт ҳисобига қондирган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 40 фоизга тушган. Яъни 60 фоиз эҳтиёж ички ишлаб чиқариш ҳисобига қопланмоқда. Биз давлатимизнинг мудофаа маҳсулотига 80 фоиз эҳтиёжини маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига таъминламоқчимиз", деб айтди Ишик.

Унинг айтишича, мамлакатнинг устувор мақсадлари қаторида юқори технологик маҳсулотни ишлаб чиқариш бор. Ишик маҳаллий ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини яратиш устида ишлар бораётганини таъкидлаб ўтди. 

"Шунингдек, миллий жанговар самолёт яратиш бўйича ишлар давом этмоқда, бу самолётнинг синов парвозлари 2023 йилга белгиланган. Иш бошқа давлатлар билан биргаликда давом этмоқда. Анқара ўз олдига қўйган мақсадларига эришиш учун ҳар қандай харажатдан қочмайди", деб қўшимча қилган Ишик.

Top